Ўзбекистон чемпионатида илк бор колумбиялик футболчи! Қизиғи, у Суперлигада эмас, про-лигада...

Про-лига жамоаларидан бири – “Оқ-тепа” ҳам мавсумга тайёргарлигини давом эттирмоқда. Чемпионатнинг доимий иштирокчиси бўлиб келган Тошкент жамоаси бу йил қандай натижа кўрсатаркин?

Жамоа раҳбари Алишер Шоғуломов эса “Оқ-тепа”ни имкон қадар мавсумга пухта тайёрлашга ҳаракат қилмоқда. Эътиборлиси, таркибда легионерлар ҳам бор. Шоғуломов sports.uz мухбирига чемпионатга кўрилаётган тайёргарлик, легионерлар ва мақсад ҳақида гапирди.   

Йиғин қандай давом этмоқда?

- Машғулотларимизни ўтган йилнинг декабрь ойида бошлаганмиз, - дейди Шоғуломов. - Мана, шу кунгача режа асосида кунига икки маҳалдан шуғулланиб келяпмиз. Қишки йиғинимизни учта тайёргарлик босқичига бўлгандик, унинг якунига келиб қолдик. Айта оламанки, тайёргарлигимиздан кўнглимиз тўқ. Таркибга ўзимиз кўришни истаган ўйинчиларни олдик. Жамоамизда уч нафар легионер бор. Ўзбекистон чемпионатида биринчи колумбиялик футболчи тўп суради. Шунингдек, яна икки нафари нигериялик. Таркибимизни аниқлаштириб олганмиз. 26 та футболчимиз бор, 25 нафарини рўйхатдан ўтказамиз. Мавсум бошлангунигача охирги иккита назорат учрашувимизни ўтказамиз. АГМК ва “Рубин”га қарши майдонга тушамиз. Шу билан қуръани кутамиз.

Легионерлар кимлар?

- Биз “Genova soccer academy” билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу компанияда испаниялик мутахассислар ишлайди. Шу жумладан, яқинда Тошкентга келган Фернандо Морьентес ҳам улар билан бирга. Улар колумбиялик легионернинг видеосини бизга юборишди. Натижада Хуан Родригеснинг ўйини бизга маъқул келгани боис, жамоамизга таклиф қилдик. Аста-секин оптимал формасига кириб боряпти. Карантин сабабли, у олти ой футбол ўйнай олмаганди. Ўйлайманки, 2-3-турларга тайёр бўлади. У марказда тўп суради. Нигерияликларга келсак, улардан бири ўтган йили жамоамизда тўп сурган Самуэль Опех. Яна бири эса, янги келган 19 ёшли футболчидир. Умид қиламанки, у кашфиётга айланади.

Бош мураббий ким бўлади?

- Жамоанинг тайёргарлигини асосан ўзимиз олиб боряпмиз. Яъни, Собир Усмонхўжаев, Бахтиёр Эргашев ва мен. Барчамиз мураббийлик учун ўқишни бошлаганмиз. Лекин, албатта янги бош мураббий олишимиз керак. “А” лицензиясига эга мутахассисни излаяпмиз. Яқин кунларда “Оқ-тепа”га жалб этамиз. Айни пайтда жамоамиз 70 фоизга тайёр.

Клубнинг вазифаси ҳақида

- “Оқ-тепа” ҳар доим ўзининг олдига жиддий мақсадларни қўяди. Асосий вазифамиз барча ўйинларни ютиш. Олдиндан катта гапириб, мақсадимиз Суперлигага чиқиш, деб айтмайман. Максимал даражада ўйинларда ғалаба қозониб, терма жамоаларимизга муносиб футболчиларни етказиб беришга ҳаракат қиламиз. Бизда ҳеч қанақа ҳомий йўқ. Ўзимиз ҳомийлик қиламиз. Бу хусусий клуб. Жамоамизга ҳеч кимдан ёрдам йўқ. Фақат ўзимиз ҳаракат қиляпмиз. Буни албатта қадрлаш керак.

Бу йилги про-лига хусусида

- Ўтган йилги про-лигадаги айрим ўйинлар Суперлиганикидан ҳам қизиқарлироқ ўтди. Айниқса, элитадаги 10-ўриндан пастки жамоалардан асло қолишгани йўқ. Бу йил эса бундан ҳам қизиқ ўтади. “Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” каби жамоалар Суперлигага чиқишни мақсад қилган. Лекин уларнинг орасида ажратиб кўрсатадиган клуб – бу “Олимпик”. Бу жамоани бошқаларга яхшигина муаммо туғдира олишини айта олишим мумкин. “Олимпик” ҳаттоки Суперлига учун даъвогарларни ҳам тўхтата олади. Бизнинг ўйин услубимиз ҳам Тимур Кападзенинг ишлаш тактикаси билан ўхшаш. Ўзим ҳам чемпионат бошланишини интиқлик билан кутяпман, - деди Алишер Шоғуломов.     

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)