"Ўзбекистон чиройли юрт, Одил Аҳмедов вице-президент? Ростданми? У - ўта ақлли йигит" - Ари билан эксклюзив суҳбат
Яқинда сайтимиз орқали хабар берганимиздек, бразилиялик кўзга кўринган футболчи, Россияда бир неча йиллар самарали фаолият олиб борган ҳужумчи Ари Sports.uz учун суҳбатлашишга рози бўлди. Айтиш керакки, у илк бор ўзбек матбуотига интервью берди.
Аввало ушбу ўйинчи ҳақида маълумот бериб ўтсак, Арининг тўлиқ исм-фамилияси Арикленес да Сильва Феррейра. 1985 йилнинг 11 декабрь куни Фортазелада таваллуд топган. Фаолиятини Бразилияда бошлаган ва “Аваи” ҳамда “Форталеза”да тўп сурган. 2010 йилга қадар Швециянинг “Кальмар” ва Нидерландиянинг “Аз Алкмар” клубларида ўйнади. 2010 йилда эса Россияга келади ва “Краснодар” билан шартнома имзолайди.
У ёғини ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, Ари “Краснодар”дан ташқари “Спартак” билан “Локомотив”да ҳам тўп сурди. Шунингдек, Россия терма жамоаси шарафини ҳам оз бўлса-да, ҳимоя қилди. Ҳозирги кунда у Бразилияда. Аниқроғи, ўтган йили юртига қайтишни лозим топди. У ерда “Атлетико Сеаренса” жамоаси сафида фаолиятини давом эттиряпти.
- Sports.uz сайтига бироз вақт ажратганингиздан миннатдормиз. Сизни Ўзбекистонда ҳам яхши билишади. Чунки Россия чемпионатидаги ўйинларингизни кўп кўришган. Адашмасам, ҳозир Бразилиядасиз. Нима учун?
- Мен бу ҳақида эшитишишдан жуда хурсандман. Ўзбекистон – чиройли юрт. Ҳа, мен Бразилияга қайтдим. Чунки Россиядан яхши таклифлар бўлмагани боис мана шундай тўхтамга келдим. Албатта, бир-иккита аниқ таклифлар бўлганди. Аммо келишувнинг шартлари борасида фикримиз бир жойдан чиқмагани учун она юртимга қайтишга қарор қилдим.
- Сиз Россияда “Спартак”, “Краснодар” ҳамда “Локомотив” клубларида самарали фаолият олиб борганингизни биламиз. Айтинг-чи, қайси клубдаги фаолиятингиздан кўпроқ хурсанд бўлгансиз?
- Ўзим тўп сурган ҳар бир клуб мен учун ўзига хос тарихдир. Шу сабаб улардан бирини алоҳида ажратиб кўрсатишим мушкул. Ҳар бир жамоа ва бош мураббий туфайли мен ўзига яраша тажриба тўпладим. Аммо “Краснодар”да фаолиятимнинг анчагина салмоқли қисмини ўтказдим. Шу сабабдан ҳам мазкур клуб ҳақидаги хотираларим бошқалардан кескин фарқ қилади.
- Россияда 10 йилдан ортиқ вақт давомида яшадингиз. Шундай экан, Россия сиз учун иккинчи уй бўлса керак-а?
- Шак-шубҳасиз, Россия – мен учун иккинчи уй. Охир-оқибат ҳам оилам билан яна Россияга қайтиб яшашни мақсад қилганмиз.
- Бундан ташқари, Россия паспортини ҳам олгансиз ва мамлакат терма жамоаси учун ўйнагансиз. Сизнингча, ушбу терма жамоадаги режаларингиз амалга ошганми?
- Бу мен учун улкан фахр. Мамлакат бош жамоасининг бир қисми бўлишни ҳар қандай футболчи фақат орзу қилади. Менда паспортни олиш борасида кутилмаган муаммолар бўлган. Агар ўша муаммолар бўлмаганида мен терма жамоа таркибида янада кўпроқ учрашувлар ўтказган бўлардим.
- Шунингдек, “Краснодар” клубида ҳамюртимиз Одил Аҳмедов билан ҳам бирга тўп сургансиз. Айтинг-чи, у сиз учун қандай футболчи эди?
- Ҳа, мен Одилни яхши эслайман. Ажойиб йигит ва аъло даражадаги футболчи. Агар хато қилмаётган бўлсам, у Ўзбекистон терма жамоасининг сардори саналарди.
- Ҳозирда Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини тугатган ва Ўзбекистон футбол ассоциациясида вице-президент лавозимида ишлаяпти. Бундан хабарингиз борми?
- Ростданми, мен бундан бехабар эканман! Одил – ўта ақлли йигит. Ўйлайманки, у мана шундай масъулиятли лавозимни эгаллаш орқали жуда тўғри қарор қабул қилган. Ўйинчилик фаолиятини якунлаши билан Аҳмедовнинг мана шундай лавозимга тайинланиши унинг футбол билан алоқаси яна давом этишидан фақат хурсандман.
- Яна бир ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳам Россия чемпионатида порлади. Унинг шу даражага чиқишини кутганмидингиз? “Рома”даги келажагини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Мен бу футболчи ҳақида тўғриси, унчалик кўп маълумотга эга эмасман. Фақат шуни биламанки, у Ўзбекистонда йил футболчиси лауретига муносиб кўрилган. Ўшанда у мана шундай эътирофга “Ростов”да ўйнаб юрган кезларида сазовор бўлганди. Ўйлайманки, “Рома”да албатта Шомуродовнинг ишлари юришиб кетади. Бу борада унга фақат омад ёр бўлишини тилайман.
- Умуман айтганда, ўзбек футболи тўғрисида қандай маълумотларга эгасиз?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Осиёдаги энг етакчиларидан бири эканлигини яхши биламан. Ростини айтсам, ҳозирда мен собиқ устозим Мурод Мусаев бошқарувидаги “Сабох” клубини кўпроқ кузатиб боряпман.
Фикрлар
дарда Ари зур футболчи эди.