Ўзбекистон делегацияси замонамизда илк бор ўтказиладиган “Келажак ўйинлари”да қатнашади
Жорий йилнинг 21 февраль – 3 март кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида тарихда илк бор “Келажак ўйинлари” халқаро комплекс мусобақаси бўлиб ўтади. 100 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин спортчи иштирок этиши кўзда тутилган спорт тадбирида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашади.
Шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда бир-биридан қизиқарли янги спорт турлари кашф қилиняпти. Жисмоний ва рақамли мусобақаларни бирлаштирган янги форматдаги мазкур мультикомплекс Ўйинлар дунё спортида янги даврни бошлаб берса ажаб эмас. Ушбу кунлар давомида Татаристон пойтахти бутун дунёдан ташриф буюрган спортчи ёшларнинг эътибор марказида бўлади.
Баҳслар 21 та инновацион йўналиш бўйича (16 та асосий ва 5 та кенгайтирилган дастур) ўтказилади. Уларнинг ҳар бири "фижитал" (жисмоний ва рақамли) тушунчасини ифодалайди, яъни жисмоний ҳаракат ва киберспортни бирлаштиради. Ғолиб спортчиларнинг ҳар икки дастурдаги натижаларининг йиғиндисига кўра аниқланади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу халқаро мусобақада мамлакатимиз шарафини виртуал велоспорт, спорт дастурлаш, фижитал-хоккей ва фижитал-пойга каби 4 та спорт туридаги вакилларимиз ҳимоя қилишади.
Спортчиларимиз мазкур беллашувларга тайёргарликни турли мамлакатларда олиб бормоқда. Жумладан, хоккейчиларимиз Россияда, велоспортчиларимиз эса Туркияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказяпти.
Мусобақада биринчи бўлиб иштирокини бошлайдиган фижитал-хоккей жамоамиз 14 февраль куни Қозонга етиб боради. Делегациянинг асосий қисми эса 20 февраль санасида Татаристонга ташриф буюриб, 21 февралга белгиланган очилиш маросимида қатнашади. Нисбатан кейинроқ баҳсларга киришадиган фижитал-велоспорт жамоамиз 22 февраль куни Туркиядан тўғри Қозон шаҳрига учиб келади.
Манба: МОҚ
Фикрлар