Ўзбекистон ҳам тўхтади. Энди фақат Жанубий Корея қолди
Аргентинада ўтаётган 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Айни пайт мусобақанинг нимчорак финал босқичи якунланди. Кучлилар сараланиб бормоқда.
Кичик мундиалда Осиё номидан Ўзбекистон, Япония, Ироқ ва Жанубий Корея қатнашди. Айни пайтга келиб улардан фақатгина Жанубий Корея қолди.
Япония (3 очко) "С" гуруҳида Колумбия (7 очко) ва Исроил (4 очко)дан сўнг 3-ўринни эгаллаб, гуруҳда қолиб кетди. Ироқ "Е" квартетида кураш олиб бориб, Англия (7 очко), Уругвай (6 очко), Тунис (3 очко)дан сўнг охирги поғонани банд этди. Осиё кубоги финалида Ўзбекистонга қарши майдонга тушган Ироқ жаҳон чемпионатида ғалаба қозона олмади.
Ўзбекистон (4 очко) "А" гуруҳидаги мезбон - Аргентина (9 очко)дан кейин иккинчи бўлиб плей-оффга йўл олганди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз Исроил билан учрашувнинг охирги дақиқасида гол ўтказиб юбориб, ўз юришини шу босқичда тўхтатди.
Жанубий Корея (5 очко) ҳам "F" квартетида Гамбия (7 очко)дан сўнг иккинчи ўрин билан нимчорак финалга чиқди. Жанубий Корея нимчорак финалда Эквадорни 3:2 ҳисобида таслим этиб, чорак финал чиптасига эга бўлди. Энди улар Нигерияга қарши баҳс олиб боради. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, Осиё қитъасидан фақатгина Жанубий Корея ўз юришини давом эттиради.
Фикрлар