Ўзбекистон Кубоги финали юқори савияда ўтказилади

17 сентябрь куни Лига раҳбарияти Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, финал беллашувини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди. Бунда асосий эътибор финални кўтаринки кайфият ҳамда хавфсиз ташкил этиш, ҳар икки жамоа мухлисларига қулай шароитлар яратишга қаратилди.

Учрашувда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Икромов ҳамда Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Шавкат Акбаров бевосита иштирок этди. Финални спорт принциплари асосида ташкил этиш, бунда хавфсизлик масаласида Лига мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди. Томонлар барча масалага атрофлича тўхталиб, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш доирасида ҳар бир масала алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди. 

Эндиликда Лига чипталарни савдога чиқариш, ҳар икки жамоа мухлислари билан ишлаш ҳамда уларнинг стадион ва унинг атрофида ҳаракатланиши, беллашувга тайёргарлик кўриш каби масалаларни йиғилишнинг якуний келишувлари асосида мувофиқлаштиради. Ҳар бир ҳолат бўйича Лига босқичма-босқич ахборот бериб боради. 

Аввалроқ Лига Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров билан учрашув ўтказганди.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!