Ўзбекистон Кубоги ярим финалига қачон қуръа ташланади?
15 август куни Ўзбекистон Кубогининг чорак финалидан ўрин олган сўнгги учрашув "Бунёдкор" ва "Пахтакор" клублари ўртасида бўлиб ўтади. Мазкур ўйиндан сўнг мусобақанинг ярим финал босқичи учун қуръа ташланади.
Шу куни Суперлига 16-туридан ўрин олган икки учрашув ҳам ўтказилади. Спорт-ТВ соат 20:15 дан бошлаб "Олимпик" — "Сўғдиёна" беллашувини жонли эфирга олиб чиқади. Айнан шу учрашув якунига етгач, навбат кубок қуръасига берилади.
Маълумот учун, ярим финалнинг икки беллашуви август ойи охирида, аниқроғи, Суперлига 17-тури якунига етганидан сўнг ўтказилади. Ишчи режа сифатида 28-29 август саналари танлаб олинган. Ярим финал жуфтликларидан келиб чиқиб, ўйинлар айнан қайси санада бўлиб ўтишига ойдинлик киритилади.
Регламентга кўра, чорак финални сафарда ўтказиб ғолиб чиққан жамоаларда ярим финални ўз майдонида қабул қилиш имконияти юқори бўлади. Ҳозирга келиб, "Сурхон" клубининг ярим финал босқичини сафарда ўтказиши аниқ бўлиб улгурган. Агар "Бунёдкор" клуби ҳам ярим финалга йўл олса, у ҳолда «қалдирғочлар» ҳам финал йўлланмаси учун сафарда кураш олиб боришига тўғри келади. Ўз-ўзидан "Навбаҳор" ва "Андижон" финал олдидан ўз майдонида ўйин ўтказади. Чорак финалнинг сўнгги ўйинида "Пахтакор" клубининг қўли баланд келса, у ҳолда ярим финални ўз майдонида қабул қилиш учун ҳақли клублар сони 3 тани ташкил қилади. Бу ҳолатда "Навбаҳор", "Андижон" ва "Пахтакор" клубларидан қай бирининг ярим финални сафарда ўтказиши масаласига қуръа ойдинлик киритиб беради.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар