Ўзбекистон Кубогининг тақдири нима бўлади? Мусобақа ўтказиладими?
Ўзбекистон Кубоги ўтказилиши борасида аввалроқ ПФЛ вакиллари маълум қилишганди. Мусобақага қуръа ҳам ташланганди. Лекин ҳалигача кубок баҳслари қачон бошланиши бўйича аниқ гап йўқ. Шу ҳолат юзасидан ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев доимгидек телеграмдаги ўзининг саҳифасида фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Унинг ўтиши юзасидан саволлар кўп берилади. Биз ўтган 3 ой ичида катта ҳажмда иш бажардик ва натижада салкам 4 ойлик танаффус йўқотишларини етказиб олишга эришдик. Тақвим ҳозир жуда зич. Қолаверса, октябрь ва ноябрь ойидаги ФИФА кунлари ҳам бор.
Шулардан келиб чиқиб, барча лигалар тақвимини босқичма-босқич эълон қилиб боряпмиз. Олдинда эса бизни нималар кутиб турганини билмаймиз.
Биз биринчи галда чемпионат учрашувларини якунлаб олишга қарор қилдик. 26 тур ўйинларини тўлиқ ўтказамиз. Қолган вақт ҳисобидан эса кубок ўйинлари бўлиб ўтади. Режамиз бўйича, кубокни гуруҳ босқичи кўринишида декабрь ойида ўтказишимиз мумкин. Аммо ўша вақтда Ўзбекистондаги ҳолат қандай бўлиши, футбол клуби декабрга қандай аҳволда етиб бориши ҳам муҳим ўрин тутади.
Кубокнинг 16 иштирокчиси гуруҳ ўйинларига тайёр бўлса, биз барчасини boxing day кўринишида 16 кун ичида ўтказиб олишимиз мумкин. ОФК Чемпионлар лигаси ўйинларини деярли шундай ҳолатда ўтказди. Агар жамоалар қайта қуръа ва олимпия тизимини маъқул деб билса, бизга ғолибни аниқлаш учун минимум 10 кун вақт керак бўлади, - дея фикр билдирди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар