Ўзбекистон миллий терма жамоаси Европа чемпиони билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мумкин
Ўзбекистон футбол ассоциациясида биринчи вице-президент Равшан Эрматов ҳамда Греция Дипломатия ва халқаро муносабатлар институти директори Aндреас Aндрианопоулос ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Унда Равшан Эрматов Греция билан ҳамкорликда икки мамлакат терма жамоалари ҳамда клублар ўртасида халқаро учрашувларни ташкил этиш, футбол мутахассисларини қайта тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш йўлида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш яхши самара беришини таъкидлаб ўтди.
Aндреас Aндрианопоулос эса Ўзбекистон ва Греция миллий ҳамда турли ёш тоифалардаги терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш имконияти мавжуд эканлигини таъкидлади. Бу ўз навбатида мухлисларда қизиқиш уйғотади ва икка мамлакат футбол ташкилотлари ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, “Олимпиакос”, “ПAОК” каби Европанинг номдор клубларида мураббийларимиз малака ошириши таклифи қўллаб-қувватланди.
Учрашув сўнгида Равшан Эрматов меҳмонга ЎФA таклифлар юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Фикрлар