Ўзбекистон МТЖ, "Пахтакор" ва Шота Арвеладзе ҳақида
Сайтимизда Ўзбекистон миллий терма жамоасига доир айрим фикр-мулоҳазаларимизни ўртоқлашишни давом эттирамиз.
Кузатишимизча, бугунги кунда терма жамоага хориждаги легионерларимиздан ташқари, асосан “Пахтакор”дан футболчилар чақирилмоқда. Бу эса, “Пахтакор” яна терма жамоа ўзагига айлантирилаётганидан далолат беради.
Хўш, нега айнан “Пахтакор”?
Вадим Абрамовнинг “Бунёдкор”и ёки кўп йиллардан буён самарали ишлаётган Рўзиқул Бердиевнинг “Насаф”и бунга лойиқ эмасми, дейдиганлар ҳам топилади. Келинг, бу саволга жавоб топишга бир уриниб кўрайлик.
“Пахтакор” таркиб жиҳатидан бошқа жамоалардан анча кучли. Бу футболчиларнинг савияси, клубнинг моддий-техник базаси, яратилган шароитлар, молиявий имконият ва бошқа қатор омилларга боғлиқ. Бир қарашда ҳаммаси бинойидагидек. Лекин “шерлар” ҳали халқаро майдонда ўзларини кўрсатишганича йўқ.
Ҳар бир чизиғида терма аъзоси ёки унга номзод футболчини жамлаган бу жамоа катта салоҳиятга эга бўлганига қарамай, ички чемпионатда ҳам асосий рақобатчиларига қарши ўйинларда ўз устунлигини яққол намойиш эта олмаяпти. Мисол учун, бу йилги Суперлиганинг 1-турида “Навбаҳор” билан учрашув қандай ўтганини кўпчилик кўрди. Марказий учрашувда “шерлар” ютган бўлса-да, наманганликлар мағлубиятга муносиб эмасди, дейдиганлар етарлича топилади. Ушбу ўйинда ҳакамлар хато қилди, деб бонг урилди. Аслида эса “Пахтакор” даражасидаги жамоа нималарга қодирлигини 90 дақиқа ичида кўрсатиб, ҳеч қандай савол ва эътирозга ўрин қолдирмаслиги керак эди.
Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқиш учун Саудия Арабистони ва Япония тажрибасини қўллагани маъқулми?
Натижага мураббий масъул. Шота Арвеладзе “Пахтакор”га келганидан кейин жамоада кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Ҳар томонлама ўсишни кўряпмиз. Аммо грузиялик мутахассис тактика борасида кучли рақиблар қаршисида ожиз қолмоқда.
Арвеладзега мураббийликдан кўра кўпроқ менежерлик мос келади. У барчасини профессионалларча бошқаради, менежер сифатида, албатта. Мураббийлик борасида ҳали ўрганадиган ишлари етарли. “Пахтакор” халқаро стандартларга мос аниқ ва равшан тизимни қурмоқда. Шота Арвеладзе Европада футболчи ва менежер сифатида тажрибага эга. Шу боис айни пайтда унинг клубда мураббийликдан кўра менежерликдаги ишлари таҳсинга лойиқ.
...Миллий терма жамоа мураббийлиги ҳақида гап кетганда, бизга ҳимоявий тактикани ҳам қўллай оладиган мутахассис керак, деган хулосага келдик. Ҳимоявий услуб эмас, ҳимояланишни биладиган мураббий. Чунки кучли терма жамоаларга қарши кўпинча ҳимоявий тактикада ўйнаймиз. Нуфузли мусобақалар йўлланмаси эса айнан ўша ўйинларда ҳал бўлади. Биз эса ҳар гал ҳужумкор ўйин услубимиз билан кучсиз ва ўртамиёна жамоаларни қақшатган ҳолда, ҳал қилувчи баҳсларда кучли рақиблар ҳужумидан панд еб қолаверамиз.
Халқаро майдонда айнан ҳимоявий услуби орқали мақсадига етаётган жамоалар талайгина. Бунга Эрон, Италия ёки “Челси”ни мисол қилиш мумкин. Форслар Карлуш Кейруш даврида грандларга қарши баҳсда ҳимоявий тактика эвазига ғалаба қозонарди ва шу тактика самарасида биз учун орзу бўлган мундиалда ҳам тўп тепди. Италия жаҳон чемпионлигига шу йўл билан эришган. “Челси” борасида ҳам шу гап. Лондонликлар Роберто Ди Маттео бошчилигида “Барселона”ни Каталонияда қандай ортда қолдириб кетгани ёдингиздадир!
Шунинг учун ҳам, бой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аввалги мураббийи Эктор Купер ҳимояга эътибор қаратгандир. Аммо у футболчилар билан тил топиша олмагани, кучсиз рақиблар билан ўйинларда ҳам ҳимоялангани унинг юртимиздаги фаолиятига якун ясалишига сабаб бўлди. Биз бугун замонавий тактикаларга бой мураббийга муҳтожмиз.
Тўғри, ўзимиз Вадим Абрамовни танладик. У шиддатли ўйин ва ўзбек футболига мос ҳужумкорликни яхши кўрадиган мураббий. Лекин катта ўйинларда фақат ҳужум билан иш битмаслиги, ҳимоя муҳим экани Тошкентда Саудияга қарши ўйинда яна бир карра намоён бўлди.
Хўш, “Пахтакор”нинг терма жамоа ўзагига айлантириш ўзини оқлайдими? “Пахтакор”нинг мақсади нима? Терма жамоага ўйинчи тарбиялаб беришми ёки Осиё Чемпионлар лигасини забт этишми?
Тўғриси, Осиёнинг энг нуфузли мусобақасида ғолиб чиқиш учун “Пахтакор” таркибини кескин кучайтириши керак. Иложи бўлса, олдига қўйилган вазифани уддалай оладиган ва кўзланган натижани берадиган кучли легионерлар ҳисобига. Чунки юртимиздаги энг истеъдодли футболчиларнинг аксариятини “Пахтакор” ўзиники қилиб бўлган. Буёғига жамоани фақатгина зўр легионерлар билан кучайтириш мумкин холос. Катта умидлар билан олиб келинган Эрен Дердийок эса нафақат халқаро майдонда, балки Суперлигада ҳам ўзини кўрсатолгани йўқ.
“Пахтакор”ни терма жамоа ўзагига айлантирилишига келсак, бу тажриба собиқ иттифоқ давридан бери бор. Лекин бирор марта кутилган натижа берганини билмаймиз. Хусусан, футболимиз тарихида ҳам терма жамоа футболчиларини “Пахтакор”, “Машъал”, “Бунёдкор”, “Локомотив” таркибида жамлаш кузатилган.
Мана яна “Пахтакор” бу шарафга мушарраф бўлди. Балки “Пахтакор” терма жамоа асосига айлантирилмоқда, деб биз хато ўйлаётгандирмиз. “Пахтакор” юртимиздаги энг яхши футболчиларни жамлагани учун терма жамоага асосан шу клуб вакиллари жалб этилаётгандир. Афсуски, бу бутун дунёда кузатилмоқда ва оддий ҳолга айланган. "Бавария" бунга яққал мисолдир. Ўз навбатида бошқа клублар миллий терма жамоа учун муносиб футболчиларни тайёрлай олмаяптими, деган савол ҳам пайдо бўлади.
Бизнингча, терма жамоамизни жаҳон чемпионатида кўриш учун, энг аввало, муҳим ўйинларда ғалаба қозонишни биладиган мураббий керак. У ким билан ҳужумкор, қайси жамоа билан ҳимояда қандай ўйнашни аниқ билсин. Тўқсон дақиқа ҳужум қилиб, сўнгги сонияларда гол ўтказиб, ғалабани рақибга тортиқ қилавериш ўзбек футболининг эталонига айланиб қолишига йўл қўймаслик керак.
Қолаверса, рақобатбардош футболчиларни етиштириш зарур. Бунинг энг тезкор ечими иқтидор эгаларини хориж чемпионатларига чиқариб юборишдир. Оддий мисол, Жасурбек Яхшибоевнинг Беларусь чемпионатига ўтгани барчанинг эътиборини унга қаратди. Жалолиддин Машариповдек янада ўсиши мумкин бўлган ва терма жамоага катта фойдаси тегадиган ижодкор ўйинчи эса трансфер суммасининг катталиги туфайли бор маҳоратини ички чемпионатда кўрсатишга маҳкум. Бу ерда ўрганадигани қолмаган футболчи яна қанча ўсиши мумкин?! Шу тариқа, қанчадан қанча иқтидорлар ўзини кўрсатолмай сўниб кетганини сиз яхши биласиз.
Инсоф доирасида айтадиган бўлсак, доимо легионер футболчилар терма жамоамизни қолган аъзоларини ўз ортидан етаклаган. Сўнгги йилларда терма жамоа лидери бўлган Максим Шацких, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов каби футболчилар айнан легионер мақомида бу мавқега эришган. Бугун Одил Аҳмедовдан етакчилик байроғини Элдор Шомуродов олиши кутилмоқда. Биз эса Одил ва Элдорга ҳам жаҳон чемпионати армон бўлиб қолмаслигини истаймиз...
Фикрлар
Защитники должны играть не на мяч (как общепринято), а на тело - вплотную, плотно, синхронно, зеркально сопровождать тело соперника (опека с прессингом). Так, при этом становится физически невозможным удар соперника в створ ворот и точный пас. Пример берите у московского Локомотива (2020).
Защитники должны играть не на мяч (как общепринято), а на тело - вплотную, плотно, синхронно, зеркально сопровождать тело соперника (опека с прессингом). Так, при этом становится физически невозможным удар соперника в створ ворот и точный пас. Пример берите у московского Локомотива (2020).