Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи аниқ

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон миллий терма жамоасига хориждан кучли мураббий олиб келиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирча бу борада оғзаки келишувга эришилган бўлиб, тез орада расмий шартнома имзоланади ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарадиган мутахассис номи эълон қилинади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йилнинг март ойида Африканинг иккита кучли терма жамоаси, ЖЧ-2018 иштирокчилари Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан сафарда ўртоқлик ўйини ўтказишини яхши биласиз.

Мана шу ўйинларга футболчиларни саралаб олиш, уларни тайёрлаш ва олиб бориш ва мураббийлар штабини шакллантириш учун Ўзбекистон миллий терма жамоасига Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Тез орада Темур Кападзе терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини ЎФАга тақдим этади.

Темур Кападзе фаолиятини Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасида бошлаган. Кейинчалик “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Инчхон” (Жанубий Корея), “Шаржа” (БАА), “Актобе” (Қозоғистон), “Локомотив” (Тошкент) клубларида тўп сурган.

Темур Кападзе ўтган мавсумнинг охирида футболчилик фаолияти билан хайрлашган бўлиб, у Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 119та ўйин ўтказган футболчи ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!