Ўзбекистон ўсмирлар термаси устози Жанубий Корея устидан қозонилган ғалаба ҳақида: "Биз бундан ҳам кўпроғига қодирмиз"

17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги саралаш турниридан ўрин олган Ўзбекистон - Жанубий Корея учрашуви якунига етди. Унда вакилларимиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Ўйиндан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари ўртасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Ўйин ҳақида

- Барчани бугунги орзиқиб кутилган ғалаба билан табриклайман. Ҳаммага каттакон раҳмат. Биз сизларнинг қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилиб турдик. Бизнинг мақсадларимиз катта. Сўнги пайтлардаги яратиб берилаётган имконият ва натижалар Ўзбекистонда болалар футболи ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда. ИншаАллоҳ, Жаҳон чемпионати ҳам биз учун яқинлашиб бормоқда.

Биринчи бўлим ҳақида

- Бу ёшда психологик ҳолат кўп нарсани ҳал қилади. Биринчи бўлим бироз оғир ўтди. Болаларни руҳан тайёрлашга бироз вақт кетди. Уларни ўзларига ишончини қайтаришга ҳаракат қилдик. Олдимизда қиладиган ишларимиз кўп.

- Рақиб кучли томонлари ва заиф томонлари ўрганилди. Улар Осиёнинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланади. Уларга ҳам ғалаба жуда зарур эди. Лекин биз ҳаракат қилдик ва вазиятни ўз фойдамизга якунладик. Хатоларни совуқ мия билан кўриб чиқамиз ва уларни тўғирлаймиз. Биз бундан ҳам кўпроғига қодирмиз. Болалар ёш, улар устида ҳали кўп ишлаймиз.

Жисмоний ҳолат ҳақида

- Бизда футболчиларни витаминизация қилиш бўйича муаммо йўқ. Бу борасида раҳбарият билан ҳаммасини ҳал қилганмиз. Биз аввалги Европа жамоалари билан ўйинларда болаларимизни жисмоний ҳолатини кўрдик. Бу тизимли нарса. Бу нарсани доимий олиб борсак, аста-секин бизда ҳаммаси жойига тушади.

Лазизбек Мирзаев (терма жамоа футболчиси ва бугунги учрашувдаги гол муаллифи) 

Ўйин ҳақида

- Бугун қийин ўйин бўлиб ўтди. Мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. ЎФА вакиллари, мураббийлар ва жамоадошларимга раҳмат айтмоқчиман. Болалар ҳаммасини исботлади ва натижа билан нималарга қодирлигимизни кўрсатди.

Гол ҳақида

- Яхши ният қилиб жарима зарбаси олдига бордим. Ота-онам ва мухлислар учун олдимдаги имкониятдан фойдаланишга максимал ҳаракат қилдим. Худога шукур, бу гол билан тугади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!