Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига янги раҳбар сайланди
Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ассоциацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидан ўрин олган мазкур тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Отабек Умаров бошчилигидаги Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, шунингдек, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раёсат аъзолари, терма жамоа мураббийлар штаби иштирок этди.
Ассоциация Ижроия қўмитаси ташкилот раислигига Ўзбекистон Республика Бош прокурори, мамлакат кураш федерацияси раҳбари Йўлдошев Ниғматилла Тўлқинович номзодини илгари сурди. Адҳам Илҳамович ушбу номзод ҳақида фикр билдирар экан, Н.Йўлдошевнинг спорт бошқаруви соҳасида тўплаган улкан тажрибаси юртимизда спорт курашлари ривожини ҳам янги босқичга олиб чиқишда ас қотишини таъкидлади. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Ниғматилла Тўлқинович номзодини маъқуллашди ва Н.Йўлдошев мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси этиб сайланди.
Шундан сўнг ассоциация Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича режа билан таништирди. Унда ҳар бир вазн тоифасида асосий ва захира таркиб шакллантирилгани, ҳозирда мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, аёллар курашида янада кўпроқ йўлланмалар олиш, юнон-рум курашчиларимизнинг ҳам Олимпиадалардаги натижадорлигини ошириш, эркин кураш йўналишида ички рақобатни кучайтириш шулар жумласидан.
Фикрлар