Ўзбекистон Суперлигасида "Boxing day" бошланмоқда ёхуд ҳозирда "Олимпик"да ҳам Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш имконияти мавжуд

Биласиз, келаси йилдан бошлаб Осиё Чемпионлар лигаси куз-баҳор тизимига ўтади. 2002/03 йилги мавсумдан бери биринчи марта бир йиллик (баҳордан кузгача) ўрнига куздан баҳоргача тизимини жорий этилади. Шу боис, мусобақадаги янги ўзгаришлар, қайси мамлакатга нечта квота ажратилгани ва Ўзбекистондан қайси жамоалар қатнашиши борасида маълумот берамиз.

Демак, ушбу мусобақа ОФК тарихидаги 42-Осиё Чемпионлар лигаси сифатида тарихда қолади. Иштирокчи клублар 35 нафар футболчини рўйхатга киритиши мумкин. Жамоалар 5+1 кўринишида легионерлар хизматидан фойдаланиши мумкин. Яъни, 5 нафар хорижлик, 1 нафар Осиё қитъасига аъзо мамлакат футболчиси.

Агар янгиланган ОЧЛ мусобақасида ғолиб бўлган жамоа ўз чемпионатида ОЧЛ йўлланма ололмаса, 2024/25 йилги мусобақага автоматик тарзда гуруҳ босқичига чиқади.

Янгиланган ОЧЛ қачондан бошланади?

Куз-баҳор тизимига ўтган ОЧЛнинг янги мавсуми 2023 йилнинг август ойида бошланади. Унга кўра, саралашнинг 1 босқичи 8 август куни бўлиб ўтса, иккинчи босқичи 15 август куни ўтказилади. Саралашнинг сўнгги босқичи 22 август куни бўлиб ўтади. Ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтган жамоалар гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиқади.

Гуруҳ босқичи:

1-тур
18-20 сентябрь 2023 йил

2-тур
2-4 октябрь 2023 йил

3-тур
23-25 октябрь 2023 йил

4-тур
6-8 ноябрь 2023 йил

5-тур
27-29 ноябрь 2023 йил

6-тур
11-13 декабрь 2023 йил

Нимчорак финал
Биринчи учрашув: 12-14 февраль 2024 йил
Жавоб учрашуви: 19-21 февраль 2024 йил

Чорак финал
Биринчи учрашув: 4-6 март 2024 йил
Жавоб учрашуви: 13-15 март 2024 йил


Ярим финал
Биринчи учрашув: 16-17 апрель 2024 йил
Жавоб учрашуви: 23-24 апрель 2024 йил

Финал
Биринчи учрашув: 11 май 2024 йил
Жавоб учрашуви: 18 май 2024 йил

Қайси мамлакатларга нечтадан квота ажратилган? (ғарбий минтақа)

Саудия Арабистон – 3+1
Эрон – 3+1
Қатар – 2+2
ЎЗБЕКИСТОН – 2+2
БАА – 1+2
Иордания – 1+1
Тожикисон – 1+0
Ироқ – 1+0
Турмакистон – 1+0
Ҳиндистон – 1+0
Ливан – 0+1
Бангладеш – 0+1

Ўзбекистонга қанча квота ажратилган?

Ўзбекистонга 2023/24 йилги Осиё Чемпионлар лигаси учун 2+2 кўринишида квота ажратилган. Унга кўра иккита жамоамиз тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига йўл олса, яна иккита клубимиз саралаш босқичида қатнашади.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Суперлигасида олтин медалларни қўлга киритган ҳамда мамлакат кубогида зафар қучган жамоаларнинг гуруҳ босқичида қатнашиши кафолатланган. Чемпионатимизда иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган клублар эса саралаш босқичида иштирок этади.   

ОЧЛга йўлланма оладиган ўзбек клублари

Суперлига чемпиони
Ўзбекистон кубоги соҳиби
Суперлига 2-ўрин эгаси (саралаш)
Суперлига 3-ўрин эгаси (саралаш)

Айни пайтда Ўзбекистон чемпионатида “Насаф” пешқадамлик қилмоқда. “Пахтакор” иккинчи, “Навбаҳор” учинчи ўринларни эгаллаб турибди. Ўзбекистон кубогида эса 4 та жамоа мусобақани давом эттирмоқда – “Насаф”, “Навбаҳор”, АГМК ва “Сўғдиёна”.

“Насаф” ҳам Суперлигада, ҳам Ўзбекистон кубогида ғалаба қозонса, иккинчи тўғридан-тўғри йўлланма қайси жамоага берилиши борасида савол туғилиши мумкин. Агар Қарши клуби ҳар икки турнирда ҳам бош совринга эга чиқа олса, унда Суперлигада иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирда Ўзбекистон кубоги учун “Насаф”, “Навбаҳор”, АГМК ва “Сўғдиёна” кураш олиб бормоқда. Агарда,  “Насаф” ёки “Навбаҳор” кубокни қўлга киритадиган ва улар Суперлигада мавсумни кучли учликда якунласа,  ички чемпионатимизда 4-ўринни қўлга киритган жамоада ҳам ОЧЛ саралашида қатнашиш имконияти бўлади.

олм

Буни “Навбаҳор” мисолида кўриб чиқамиз. Айтайлик, “Навбаҳор” Суперлигада 3-ўринни қўлга киритди, аммо кубокда зафар қучди. У ҳолда, Ўзбекистон чемпиони ҳамда кубоги соҳиби тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқади. Шунда мамлакатимиз учун ажратилган квоталарнинг биттаси бўш қолади (3-ўрин учун ажратилган квота). Ушбу бўш қолган жой Суперлигада 4-ўринни қўлга киритган клубга насиб қилади.

Мабодо, АГМК ёки “Сўғдиёна” Ўзбекистон кубогида ғалаба қозонса ва улар чемпионатда кучли учликка кира олмаса, квоталар одатдаги ҳолда берилади:

Суперлига чемпиони
Кубок соҳиби
Суперлигада 2-ўрин эгаси (саралаш)
Суперлигада 3-ўрин эгаси (саралаш)

Шундай экан, Ўзбекистон Суперлигасида кучли тўртликка кира олган жамоада ОЧЛда қатнашиш имконияти бўлади.

Ҳозирда чемпионатимизда 21-тур учрашувлари давом этмоқда. Назарий жиҳатдан 10-ўриндаги “Олимпик”нинг ҳам Чемпионлар лигасида қатнашиш имконияти мавжуд. Бу эса Суперлиганинг сўнгги турлари ҳамда Ўзбекистон кубоги ярим финал ва финал учрашувлари янада қизиқарли ўтишини кафолатлайди.

 

Жамшидбек Маҳмудов 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!