Ўзбекистон Суперлигасидаги ягона хусусий жамоа энди йўқ! “Турон” атрофида нима гаплар? Клубга яқин манбадан маълумотлар
Кечадан бери “Турон” клуби атрофида турли хабарлар янграмоқда. Яйпанликларнинг айни пайтда боши қотган. Чунки “Turon Eco Cement” клубни молиялаштиришни тўхтатди.
Клубга яқин манбанинг маълум қилишича, кеча жамоада йиғилиш бўлган ва “Turon Eco Cement” раҳбарияти энди жамоани молиялаштирмаслигини билдирган. Ушбу мажлисдан сўнг кўплаб футболчилар жамоани тарк этишни бошлади. Фақатгина айрим футболчилар охирги “сўз” айтилишини кутмоқда. Қолаверса, бош мураббий Денис Бушуев ҳам жамоани тарк этган. У инстаграмдаги саҳифаси орқали шунга шама қилган.
Айни вақтда клуб вакиллари ОАВга расмий маълумот беришдан тийилмоқда. Жумладан, жамоа бош директори Абдуваҳоб Аҳмадалиевга телефон қилиб тушиб бўлмади (балки нотаниш номерни кўтармаслиги мумкин, деган яхши гумон йўқ эмас). SPORTS.uz сайти мухбири бош мураббий Денис Бушуевга боғланганида у ҳам маълумот беришдан ўзини олиб қочган. Бундай пайтда қўнғироқларга жавоб бермаслик, сўнгги нуқта қўйилгандан кейин омма олдига чиқиш янгилик эмас.
“Turon Eco Cement” раҳбариятининг клубни молиялаштиришни тўхтатишига сабаб футбол клубларига бериладиган солиқ имтиёзлари йўқ бўлгани иддао қилинган. Аммо клуб расмий саҳифаларида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмади.
Энди яйпанликларни ким молиялаштириши сўроқ остида. Агар Фарғона вилояти ҳокимлиги жамоага ҳомий топишда ёрдам бермаса, клуб тақдири анча ёмонлашиши турган гап.
SPORTS.uz манбасининг маълум қилишича, душанба куни бу масала ҳал бўлиши кутилмоқда. Шундагина расмий маълумотлар билан танишишимиз мумкин.
Аввалроқ, хусусий саналган "Андижон" клуби ҳам вилоят ҳокимлигига ўтказилган. Шу ўринда савол туғилади: Нега юртимизда клубларни хусусийлаштириш жараёни ортга қараб кетмоқда?
Фикрлар