Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи бўлажак турнир ҳақида фикр билдирди

“CAFA U-17 Championship 2026” турнири олдидан Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Айдер Курбаев ўз фикрларини билдириб ўтди. 
 
"Ушбу мусобақа ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мазкур турнир жамоамиз учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Бу орқали ўз имкониятларимизни яна бир бор синовдан ўтказиш, кучли ва заиф томонларимизни аниқлаб олиш имконига эга бўламиз. Иштирок этаётган барча жамоалар юқори савияда, шу боис мусобақада муносиб иштирок этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. 
 
Шу билан бирга, келаси йили бўлиб ўтадиган Осиё кубогига жиддий тайёргарлик олиб боряпмиз. Ҳозирда жамоанинг асосий ўзаги шакллантирилган, бироқ футболда рақобат доимо устувор. Шу сабабли ҳеч бир футболчининг терма жамоадаги ўрни олдиндан кафолатланмаган. Осиё кубогигача бўлган даврда ўзини яхши томондан кўрсата олган футболчиларни синовдан ўтказишда давом этамиз",
— деди Айдер Курбаев. 
 
Маълумот учун, Ўзбекистон U-16 терма жамоаси “CAFA U-17 Championship 2026” турниридаги илк учрашувини 7 апрель куни Тошкент вақти билан соат 14:00'да Миллий футбол марказида Қирғиз Республикасига қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!