Ўзбекистон U-21 терма жамоаси Украинадаги халқаро турнирга тайёргарликни бошлади
Aввал хабар берганимиздек, 2024 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма тақдим этадиган U-23 Осиё кубоги баҳсларига тайёргарлик кўриш мақсадида 2001-2002 йилларда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон U-21 терма жамоаси ташкил этилган эди.
Бош мураббий Тимур Кападзе қўл остидаги мазкур жамоа аъзолари 25-29 май кунлари Украинанинг Киев шаҳрида ўтадиган халқаро турнирда иштирок этади.
Ушбу турнирга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон U-21 терма жамоаси Тошкент шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини бошлади. “ЖAР” стадионида ўтаётган машғулотларга мураббийлар штаби 23 нафар футболчини жалб этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон U-21 терма жамоаси 26 май куни Украинадаги турнирнинг ярим финал учрашувида Тунис U-21 терма жамоасига қарши майдонга чиқади.
Финал ва 3-ўрин учун бўлиб ўтадиган баҳслар 28 май санасида “Оболон-Aрена” майдонида ўтказилади.
Фикрлар