Ўзбекистон велосипед спорти федерациясига 2 та автомобил ва замонавий “Wattbike” совға қилинди
Бугун пойтахтимизда велотрек бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. 26 октябрь куни старт олган ушбу мусобақа давомида Республикамизнинг энг сара трек усталари бор маҳоратларини намойиш қилишди.
Аҳамиятлиси, бугун бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими нафақат спортчилар, балки Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мутасаддилари учун ҳам унутилмас тадбирга айланди. Унда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияга бириктирилган ҳомий “Асака банк” АТБнинг мутасаддилари ҳам иштирок этишди. Тантанавор руҳда ўтган тадбирда федерацияга МОҚ номидан замонавий “Wattbike” (уй шароитида машғулот учун фойдаланиладиган электрон велосипед) топширилган бўлса, “Асака банк” томонидан 2 та енгил автомобил “Nexia-3” ва “Damas” совға қилинди. Ушбу енгил автомобиллар спортчиларимизнинг машғулот жараёнида мураббийларимизнинг ишини анча енгиллаштириб, керакли натижаларга эришишларида хизмат қилишига ишонамиз.
Ўз навбатида, федерация бош котиби Козим Ўринбойхўжаев тадбирда сўз олиб, муҳтарам Президентимиз бошчилигида спортга қаратилаётган эътибор, Олимпия ўйинларига тайёрланаётган федерацияларимиз ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини эътироф этди.
Шундан сўнг, мусобақаларнинг барча йўналишларида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фикрлар