Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси иштирокида волейбол спорт турини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси иштирокида волейбол спорт турини янада ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди
Айни кунларда Ўзбекистон волейбол федерациясининг жорий фаолиятига ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси Азиз Ташпулатов мазкур масалага бағишланган тадбирда иштирок этди. Учрашув давомида федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар, волейбол спорт турини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор долзарб масалалар, мавжуд ютуқлар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, яқинлашиб келаётган республика ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, Осиё волейбол конфедерацияси (AVC) президенти Рамон Сузаранинг режалаштирилаётган ташрифининг ташкилий жиҳатлари муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, ҳудудларда волейбол инфратузилмасини яхшилаш, замонавий спорт иншоотлари барпо этиш ҳамда спортчилар учун муносиб машғулот шароитларини яратиш бўйича истиқболли режалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбир доирасида волейбол билан шуғулланаётган ёш спортчилар билан бевосита учрашув ташкил этилиб, уларнинг жисмоний тайёргарлиги, спортга бўлган қизиқиши ва келажакдаги мақсадлари билан яқиндан танишилди. Шунингдек, яқин келажакда мусобақалар ўтказилиши режалаштирилаётган спорт майдони кўздан кечирилиб, унинг ҳолатини янада яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар берилди.
Учрашув давомида федерация раиси U19 терма жамоаси аъзолари, соҳил волейболи спортчилари ва мураббийлар — Михаил Каваленко, Бобур Зайнитдинов ҳамда Шайлен Дев Рамду билан суҳбатлашди. Уларга келгуси мусобақаларда олдиларига аниқ ва юксак мақсад қўйиш, Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда айнан волейбол орқали баланд кўтариш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида волейбол спорт турини ривожлантириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди ҳамда соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.



Фикрлар