Ўзбекистон – Таиланд учрашувини малайзиялик ҳакамлар бошқариб боришади
Қатар яшил майдонларида давом этаётган Осиё Кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган Ўзбекистон – Таиланд ўйинини малайзиялик Муҳаммад Назми бин Насаруддин бош ҳакам сифатида бошқаради.
Унга ҳамюртлари Муҳаммад Заирул ҳамда Ариф Шамил ёрдам беришса, захира ҳаками сифатида уммонлик Аҳмад Абу Бакар Саид ал-Каф ишлайди. Шунингдек, учрашув ВАР ҳаками вазифасини Омар Муҳаммад Аҳмад (БАА) бажарса, АВАР сифатида саудиялик Холид Солиҳ Алтураис ишлаши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Назми Насаруддин жорий мавсум жами 8 та учрашувда ишлаган. Ушбу учрашувларнинг барчаси клублар ва терма жамоалар иштирокидаги халқаро мусобақаларга тўғри келади. Эътиборли томони, ушбу ҳакам ОЧЛ гуруҳ босқичининг 3 та турида ўзбек клублари иштирокидаги баҳсларда ҳакамлик қилган.
У турнирнинг 2-турида “Навбаҳор” – “Мумбаи Сити” (Ҳиндистон), 4-турида “Аҳал” (Туркманистон) – “Пахтакор” ҳамда 6-тур доирасидаги “Мумбаи Сити” (Ҳиндистон) – “Навбаҳор” учрашувларини бошқарган. Ушбу баҳслар давомида у чўнтагидан жами 32 марта сариқ карточка, 4 бор қизил карточка чиқарган ва 3 марта 11 метрлик жарима зарбаси белгилаган.
Фикрлар