Ўзбекистонда Спорт реабилитация марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан юртимизда ёшларни эрта даврдан бошлаб уларнинг физиологик ва психологик имкониятларидан келиб чиқиб спорт турларига йўналтириш, спортчиларни танлаб олиш ва баҳолаш бўйича ишончли тизимни жорий этиш, қолаверса, спортни фан сифатида ўрганиш тизимини яратишга имкон берувчи Спорт реабилитация маркази фаолияти йўлга қўйиш режалаштирилган.

Вазирлик томонидан бу борада ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари таҳлил қилиниб, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятлари ўрганилди.

Шу йилнинг февраль ойида ишчи ташриф билан Хитойда бўлган вазирлик делегацияси Ўзбекистонда Спорт реабилитация марказини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказиб, хитойлик мутахассислар томонидан юртимизда мавжуд шароит ва имкониятлар ўрганилди. Иккала томон ушбу марказни ташкил этиш бўйича ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Хитой Халқ Республикасининг “AVIC INTL” компанияси директори ўринбосари Қин Веи бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган музокараларда Спорт реабилитация марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Халқаро талабларга жавоб берадиган ушбу марказнинг ташкил этилиши ёшларни эрта даврдан бошлаб уларнинг физиологик ва психологик имкониятларидан келиб чиқиб спорт турларига йўналтириш, спортчиларни танлаб олиш ва баҳолаш бўйича ишончли тизим яратиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида спортдаги натижаларимизнинг сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.

Бундан ташқари Марказда жароҳат олган спортчиларимизнинг қайта тикланишлари учун жаҳон талабларига жавоб берадиган шароитлар яратилади.

Тадбирда шунингдек, марказ жойлашадиган ҳудуд масаласи ҳам муҳокама қилиниб, таклиф этилган иншоотлар орасидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудуди анча қулай эканлиги таъкидланди.

Республиканинг тўртта ҳудудида Марказ филиалларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Марказ ташкил этилиши бир неча босқичда амалга оширилиб, дастлаб спорт реабилитация, жисмоний тайёргарлик, оммавий саломатликни назорат қилиш, ёш иқтидорларни селекция қилиш марказлари ва ўқув платформаси аудиторияси яратилади.

Кейинги босқичларда эса спортни фан соҳасида ривожлантиришга қаратилган бир қанча лабораториялар ва ихтисослашган марказларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, марказда спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий мониторинг қиладиган тизим йўлга қўйилиб, уларни мусобақаларга тез ва сифатли тайёрлашга ёрдам кўрсатилади.

Маълумот учун, “AVIC INTL” компанияси 1979 йилда ташкил этилиб, дунёдаги энг йирик 500 та компаниялардан бири ҳисобланади. 65 та давлатда 148 ваколатхонаси бўлган компаниянинг бир йиллик маблағ айланмаси 25 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!