Ўзбекистонда тўп тепган океанорти вакиллари
Ўзбекистон Суперлигасининг 2020 йилги мавсуми бошланишига саноқли кунлар қолди. Клубларимиз бир қатор футболчилар билан шартномалар имзолашди. Шу қаторда, янги легионер футболчилар жамоаларимиз таркибига қўшилди. Бугун, шу кунгача юртимизда фаолият олиб борган Америка қитъаси вакилларига тўхталиб ўтамиз.
Ушбу қитъадаги қайси мамлакатдан энг кўп футболчи Ўзбекистонда ўйнаганини биласизми?
Албатта, Бразилия!
5 карра жаҳон чемпионлари юртидан 12 нафар футболчи ўзбек клубларида тўп сурган. Уларнинг тенг ярми, яъни 6 таси "Бунёдкор" аъзоси бўлган. "Олтин тўп" соҳиби, 2002 йилги жаҳон чемпиони ва бир қатор совринлар эгаси Ривалдо 2008-2010 йилларда тошкентликлар шарафини ҳимоя қилганини ҳеч ким эсидан чиқармаса керак! Бундан ташқари, Луизао (2008-2009), Жоао Виктор (2009-2010), Эдсон Рамос (2009-2010), Леомар Родригес (2009) ва Денилсон (2010) "қалдирғочлар" сафида “қанот қоққан”.
Ўзбекистонга биринчи келган бразилиялик эса Андерсон Карлос Фабианодир. У 1998 йили "Пахтакор"да ўйнаган. "Шерлар" жамоасида 2001 йили Фабио Пинто ва 2017-2018 йилларда Тиаго Безерра тўп тепган.
Ушбу мамлакат фуқаролари орасида юртимизда энг узоқ муддат бўлган футболчи Эвертон Кавалькантедир. У "Локомотив" (2006-2008), "Динамо-Самарқанд" (2009) ва "Хоразм" (2009-2010) клублари аъзоси бўлган.
2018 йили "темирйўлчилар" сафида Нивалдо ўйнаган эди, 2019 йилдан эътиборан эса "Сурхон" сафида ҳам бразилиялик футболчилар пайдо бўлди. Аммо, Лукас Оливейра ва Дуглас сурхондарёликларда бир мавсум ўйнади холос!
Янги мавсумда, катта эҳтимол билан бразилиялик Эливелто "Сўғдиёна" сафида майдонга тушади.
Чилидан келган Хосе Луис Виллануэва "Бунёдкор" сафида 2008-2009 йиллари тўпурарлик маҳоратини намойиш этиб берганди. У ўзи ўйнаган ўйинларнинг деярли барчасида гол ура оларди. Ушбу форвардни ҳамон мухлислар катта хурмат билан ёдга олишади.
Ҳа, мамлакатимизга Канададан ҳам футболчи ташриф буюрган ва у ҳозир ҳам шу ерда! "Бухоро" футболчиси Милован Капор ўтган мавсумдан буён жамоа билан бирга ва 2020 йилги чемпионатда ҳам бухороликлар шарафини ҳимоя қилади.
Ўзбекистонга нафақат Канада, балки АҚШдан ҳам футболчи келган. 2016-2017 йиллари Олмалиқнинг АГМК клубида Грэм Смит фаолият олиб борган. Аслида АҚШ ва Канада фуқароларини Осиёга олиб келиш жуда қийин! Шунга қарамай, АГМК ва "Бухоро" Капор ва Смитни юртимизга олиб келишга эришган.
Ўтган йили "Қизилқум" клуби никарагуалик футболчини ўз таркибига қўшиб олди. Ариагнер Смит Медина ўзининг ёрқин ўйинлари билан ишқибозларнинг олқишларига сабабчи бўлди ва иккинчи даврани "Локомотив" клубида ўтказадиган бўлганди. Афсуски, тошкентликларда асосий вақтини заҳирада ўтказди ва янги мавсумни қайси жамоада бошлаши ҳамон номаълум бўлиб турипти.
Ўз вақтида "Манчестер Юнайтед" клубининг муҳим футболчиларидан бири бўлган Дуайт Йоркнинг юрти Тринидад ва Тобагодан келган футболчи 2020 йилги мавсумда "Андижон" шарафини ҳимоя қилади. Баланд бўйли Жон Леслеон ҳимоячи ҳисобланади. У 2016 йили терма жамоа сафида 2 та учрашув ўтказган.
Фикрлар