Ўзбекистонлик футболчини шартнома имзолаш учун Россияда кутишяпти, бироқ...

Айни пайтда Россия премьер-лигаси давом эттирилмоқда. Биринчи дивизион мусобақаси эса карантин туфайли муддатидан олдин тугатиб қўйилганди.

Биласиз, Россия биринчи дивизионида ҳам ҳамюртларимиз тўп суришмоқда. “Нефтехимик” таркибида икки нафар легионеримиз – Вагиз Галиулин билан Бобур Давлатов фаолият олиб боришди. Лекин карантиндан аввал Бобур Ўзбекистонга қайтганди.

Қолаверса, унда ўша пайтда жароҳат ҳам бор эди. Энди эса Давлатов Россияга қайта олмаяпти. Sports.uz мухбири унинг кейинги тақдирида қандай ўзгариш юз беришига қизиқиб футболчи билан боғланганида у қуйидагиларни айтди:

-  Россия биринчи дивизионининг янги мавсуми августдан бошланади, дейишяпти. Бизнинг жамоа эса июнь ойида машғулотларни бошлаган. Кўриб турибсиз, карантин туфайли чегаралар ёпилган, авиарейслар ҳам, поездлар ҳам тўхтатилган. Тўғри, чартер рейслар парвоз қиляпти. Аммо пандемия даврида Россияга фақат учта сабаб билан кириш мумкин, дейишяпти. Бунинг учун сиз Россия фуқароси бўлишингиз керак ёки ота-онангиз Россия фуқаролигига эга бўлмоғи лозим.

Умуман айтганда, у ерда ўқиш ёки ишлаш учун боришга рухсат йўқ, дейишяпти. Шунинг эвазига Россияга қандай боришни билмай турибман. Энди вазият яхшиланиб августда рейслар очилишини кутиб турибман. Лекин очилармикин? Бошида 15 июлда авиарейсларга рухсат берилади, дейилганди, аммо кейин августга кўчирилди. Шундай қилиб, мен бу ерда қолиб кетдим, нима қилишга ҳам ҳайронман. “Нефтехимик”да эса мени кутишяпти. Аммо ҳозирги вазиятни улар ҳам тўғри тушунишади.

Шунингдек, Бобур Давлатовнинг клуби билан тузган шартномаси ниҳоясига етган. Маълум бўлишича, футболчимиз яна “Нефтехимик” билан янги шартнома тузмоқчи экан.

-  Клуб билан тузган шартномам тугаган. Энди “Нефтехимик” билан янги шартнома имзолаймиз, - дея гапини давом эттирди Давлатов. - Бунинг учун деярли барчасини келишиб қўйганмиз. Фақат Россияга бориб бир-иккита масалани гаплашиб олсак бўлгани. Бош мураббий Юрий Уткульбаев билан суҳбатлашганимда ҳам сен бизга кераксан, жамоада қоласан, деб айтганди. Фақат, қачонки у ерга бора олсамгина янги шартнома туза оламан. Унгача эса кутишга мажбурман. Бор эътиборимни “Нефтехимик” клубига қаратганман.

Бундан ташқари, Бобурнинг жароҳатлари ҳам тузалмоқда ва у эндиликда ўзини жуда яхши ҳис қиляпти.

-  Жароҳатимдан қутулганман. Тезроқ жамоамга қўшилиб, машғулотларни бошласам янада яхши бўларди-да. Янгиерда эса ўзим индивидуал тарзда шуғулланиб турибман. Боя айтганимдек, энди августда йўллар очилишини кутяпман, - деди Бобур.

Муддатидан аввал тугатиб қўйилган биринчи дивизионда “Нефтехимик”нинг иштироки қандай баҳоланди? Бобур Давлатов жароҳати сабабли жамоасига етарлича ёрдам бера олмади. Шунга қарамай, у ҳали ўзини кўрсата олишига ишонмоқда. 

-  Якунига етган мавсумда тузук-қуруқ ўйнай олмадим, жароҳат туфайли. Жамоамга келадиган бўлсак, 5-ўринни эгаллашди. Бу кетишда Россия премьер-лигасига йўлланма берувчи ўринлардан бирини эгаллаб, плей-офф ўйинида қатнашиши ҳам мумкин эди. Ҳолбуки, “Нефтехимик”нинг асосий вазифаси мусобақада жон сақлаб қолиш эди. Нари борса, 10 таликка киришни мақсад қилганди. Бундай пайтда клубнинг 5 таликдан жой олганини ижобий баҳоласа бўлади. Янги мавсумда эса “Нефтехимик”да ҳали ўз сўзимни айта олишимга ишонаман, - дея муносабат билдирди Давлатов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!