Ўзбекистонлик жангчи қизга UFC ва "Bellator"дан таклиф бўлмоқда... У қай бирини танламоқчи?
GFC Россиянинг нуфузли промоушенларидан бири ҳисобланади. Аввалги номи "Battle on the Volga" бўлиб, 2019 йилдан GFC деб юритила бошланган. Ушбу промоушенда бир қатор ўзбекистонлик жангчилар фаолият юритади. Қувонарлиси, юртдошларимиз орасида чемпионликка эришганлари ҳам бор. Жумладан, супер енгил вазн тоифасида Лилия Шакирова амалдаги чемпион ҳисобланади.
Карантин пандемияси туфайли барча турнирлар қатори GFC ташкил қиладиган жанг кечалари ҳам тўхтатилган эди. Биз чемпион вакиламиздан навбатдаги жанг оқшомлари қачон бошланиши мумкинлиги, кейинги режалари ва ҳимоя жангидаги эҳтимолий рақибаси ким бўлиши борасидаги фикрларига қизиқдик.
-Тўғриси, навбатдаги турнирлар қачон бошланиши ҳақида маълумотга эга эмасман. Карантин ўз ниҳоясига етганидан кейин старт олишини биламан холос. Яна ким билади дейсиз? Агар, GFC да фаолиятимни давом эттирсам, навбатдаги жангимда чемпионлик камаримни ҳимоя қиламан. Рақибам борасида ҳам бирор бир аниқ маълумот бера олмайман. Чунки бир нечта Европа, Осиё ва АҚШнинг нуфузли промоушенларидан қизиқиш бўлмоқда. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларининг “Bellator”, "Invicta"( фақат профессионал қизлар жанг қиладиган промоушен), Сингапурнинг "One Championship", Хитойнинг WLF ва Франция ҳамда Чехиядан ҳам таклифлар бўлди. UFC дан ҳам кутилмоқда. Лекин UFC да жанг қилиш катта таваккалчилик бўлади. Виза муаммоси бўлмаса, катта эҳтимол билан "Bellator" ёки "Invicta" билан шартнома тузаман ва навбатдаги жангим ўша промоушенлардан бирида бўлади.
Маълумот учун, Лилия Шакирова фаолияти мобайнида 9 та жанг ўтказиб, уларнинг 8 тасида ғалаба қозонган. Бир бора мағлубиятга учраган.
Фикрлар