Ўзбекистонлик жиу-житсучилар тарихий натижалар қайд этишди!
1-8 май кунлари БААнинг Абу-Даби шаҳрида жиу-житсу бўйича катталар ва U16, U18 ёш тоифасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур чемпионатда 30 та давлатдан 1500 га яқин спортчилар ғолиблик учун баҳс юритишди. Албатта, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бу турнирда 97 та спортчи билан учта йўналишда иштирок этишди. Қувонарлиси, Ризо Сафаров ҳамда Ғайрат Набиев бошчилигидаги терма жамоамиз жами 50 та медални қўлга киритди. Яна бир эътиборга молик жиҳати илк бора катталар ўртасида NeWaza йўналишида ҳам медалга эга чиқилди. Яъни, шу кунга қадар бу йўналишда ўзбекистонлик жиу-житсучилар катталар ўртасида совриндорлар қаторидан ўрин олмаганди. Юртимизнинг энг кўзга кўринган жиу-житсучиси, икки карра бошқа йўналишда Осиё чемпиони, Жаҳон кубоги соҳиби, Бутунжаҳон жанговор ўйинлари бронза медали соҳиби Сарварбек Раҳмонбердиев ушбу қора анъанага чек қўйди ва кумуш медални қўлга киритди. Шу тариқа мазкур Осиё чемпионатида ўзбекистонлик жиу-житсучилар тарихий натижалар қайд этишди.
Фикрлар