Ўзбекистонлик “Сўнги Могикан” Ирина Александровна Винер-Усмановага қандай айёрлик қилганди?

Венера Зариповани катта ёшли ҳамюртларимиз яхши билишади. Бадиий гимнастика бўйича улкан ютуқларни қўлга киритган тирик афсона ҳозирда Исроил мамлакатида истиқомат қилади. Юртдошимиз Тошкентда ўтказилган халқаро турнирда ўз шогирдлари билан иштирок этиш учун қолаверса, мазкур мусобақани бош ҳаками бўлганлиги сабабли юртимизга ташриф буюрди. Биз ушбу имкониятдан фойдаланиб, мазкур спортнинг том маънодаги легендаси билан сухбат қурдик. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга хавола этамиз.

Sports.uz маълумотномаси

Венера Зинуровна Зарипова 1966 йил 5 апрелда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Тош-Кўмир туманида таваллуд топган. Кейинчалик Навоий вилояти Учқудуқ шаҳрига кўчиб келишган.

Беш карра Собиқ Иттифоқ чемпиони, Ўн уч маротаба Ўзбекистон чемпиони, Жахон чемпионати гурух бахслари чемпиони ҳамда совриндори, Ирина Александровна Винер-Усманованинг биринчи шогирди. Собиқ Иттифоқ халқлари спартакиадаси ғолиби, Собиқ Иттифоқ кубоги сохиби, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби.венерахон

Венера Зарипованинг  Ўзбекистонга тез-тез келишининг сири нимада?

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, мен ҳар йили иш юзасидан Ўзбекистонга келаман. 1990 йилдан бери Исроил мамлакатида истиқомат қиламан. Менга она ватаним Ўзбекистон жуда ёқади. Озгина имконият бўлиши билан Тошкентга келишга шошиламан. Чунки, буни ўзига яраша сабалари бор. Ота-онам, синглимни қабрлари шу ерда. Ҳаётимнинг катта қисми, Тошкентда ўтган. Қолаверса, мамлакатдаги ўзгаришлар ҳам ватанимга тез-тез келишимга сабабчи бўляпти. Мисол учун, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган сиёсат, бунёдкорлик ишларини кўриб кўзинг қувнайди. Иқтисодиёт томонидан ҳам юксалиш бўлмоқда. Буни бутун жаҳон эътироф этмоқда. Қолаверса, табиати одамни ром этадиган жаннатмакон ерга албатта келишни хохлайсиз. Ўтган йили Жаҳон Кубоги муносабати билан келган эдим. Мана бу йил “YOUTH CUP” халқаро турнири муносабати билан шу ердаман.

“YOUTH CUP” турнирининг кетма-кет уч маротаба ғолиби Шахаф Хар- лев-хефец аслида ким?

Мазкур турнирда Хитой, БАА, Россия, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Исроил, Тожикистондан ҳамда Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидан истеъдодли спортчилар иштирок этди. Қувонарлиси, шогирдим Исроил вакиласи Шахаф Хар- лев-хефец кетма-кет уч марта ушбу турнирнинг мутлоқ чемпионига айланди. Унга ҳам Ўзбекистон жуда ёқади. Ушбу турнирга Россия, Украина спортчиларининг ҳам қўшилиши мусобақанинг савиясини жуда ошириб юборди десам янглишмаган бўламан. Қолаверса,  мазкур турнирнинг бош ҳаками сифатида таклиф этишганини ҳам айтиб ўтишим лозим. Ўз ўрнида шундай ишонч билдирганлиги учун Ўзбекистон бадиий гимнастика Федерацияси мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.ВЕНА АКА

Тошкентга ташриф буюрган Украина ва Россия бадиий гимнастикачиларининг мураббийлари ҳам ўзбекистонликмиди?

Ушбу турнирда ўзбек гимнастикачиларида улкан истеъдод мавжуд эканлигини кўрдим. Уларда шарқ қизларига хос нафислик, ўзига хос хиссиёт, эгилувчанлик, буюм билан ишлаш махорталари яққол кўриниб туради. Аслида, ҳар бир юрт гимнастикачиларининг ўз йўли, шахсий имзоси бўлади. Россияликларни ўз йўли, украиналикларнинг ҳам ўз яширин кучлари бор. Лекин эътибор беринг, россияликлар мураббийи Неля Муравёва ва Украина терма жамоаси бош устози Юля Логачёвалар асли ўзбекистонлик ҳисобланади. Демоқчиманки, бадиий гимнастика ривожи учун хизмат қилаётган мураббийларнинг кўпчилиги асли юртдошларимиздир.

Қаҳрамонимиз ўзини Олимпиада ғолиби деб ўйлайдими?

Собиқ Иттифоқнинг беш карра чемпиониман. Ўша вақтда Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлиш, ҳозирги кундаги Олимпиада ғолиби билан баробар эди. Сабаби, шохсупада доимо Россия, Украина, Белоруссия спортчилари бўларди. Улар орасидан  Ўзбекистон вакиласи бўлиб ёриб чиқдим, ва мехнатим эвазига ўша етакчиларни ортда қолдира олгандим.венар опа

Исроилда қандай инқилобнинг сабабчиси бўлганди?

 Исроилга биринчи борган вақтларимда ушбу мамлакат бадиий гимнастикасининг савияси у қадар юқори эмасди. Улар кунига 3 соатдан машғулотлар олиб борар эди. Мен эса, ҳафтасига икки марта 4 соатдан машғулотлар олиб борилишини йўлга қўйдим. Ушбу ҳаракатларим Исроил бадиий гимнастикасида ўзига хос ижобий инқилобни юзага келтирди. Бу эса, ҳозирда ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда, исроиллик спортчилар бутунжаҳон бадиий гимнастика оламида етакчилар қаторига қўшила олишди. Мисол учун, Линой Ашрам айни вақтда жаҳонда икки кучлиси бўлса, биттаси ҳисобланади.

 Ҳамюртимиз бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтказилишининг асосчисими?

1980 йилда жаҳон чемпионатида Собиқ иттифоқ таркибидаги энг ёш иштирокчи сифатида қатнашаётган эдим. Ўша жаҳон чемпионатида ҳакамлар учун семинарлар ҳам бўлиб ўтганди. Биздан вакил сифатида икки карра жаҳон чемпиони Ирина Дерюгина иштирок этарди. Ирина украиналик бўлиб, жаҳон бадиий гимнастикаси афсонаси машҳур Албина Николавена Дерюгинанинг қизи эди. Ирина Украина терма жамоасининг катта мурабийи сифатида онасининг ишини давом эттираётган эди. Хуллас, ўша мусобақада энг ёш иштирокчи бўлиб, ғалаба қозондим. Ўша вақтлар болгариялик қизлар ғолибликни қўлдан бермасдан келарди. Энг ёши бўлишига қарамай уларни ҳам мағлуб эта олдим. Якунда мусобақа билан биргаликда 84 та ҳакам иштирок этган семинарда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтказиш борасида гап-сўзлар пайдо бўла бошлади. Мен чиқишларим билан уларнинг шундай мусобақа ўтказишга мажбур қила олгандим. Албатта, буни ҳаётга тадбиқ этишга бироз вақт кетди. Кейинчалик ўсмирлар, ёшлар ўртасида қитъа чемпионатлари, жаҳон чемпионатлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Бироз вақтдан сўнг, ушбу спорт тури Олимпиада ўйинлари дастурига ҳам киритилди. Демоқчиманки, ушбу турнирларни ўтказилишига сабабчи, асос солган инсон қаршингиздаги Венера Зарипова бўлади десам янглишмаган бўламан.вена

Рус примадоннаси Алла Пугачёва билан муносабат қандай?

Бразилия, Аргентина, уругвай, Парагвай, Ҳиндистон мамлакатларида ташкил қилинган фестивалларда иштирок этганман. Қизиқ томони рус примадоннаси Алла Борисовна Пугачёва билан ўша фестивалларда бирга чиқиш қилганмиз.

Бухоролик қизларга қойил қолганмиди?

Ҳозирги кундаги ўзбек мураббийларига ҳам юқори бахо бера оламан. Чунки, бу ерда ўзига хос мактаб мавжуд. Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийининг тажрибаси жуда  юқори.12 та вилоятни оладиган бўлсак, улар орасида бухоролик қизлар ҳамда уларнинг мураббийи менда ёрқин таассурот қолдирди.

Қаҳрамонимиздан кейинги юртимиздан етишиб чиққан авлод вакиллари борасида нима дейди?  

Мендан кейин ҳам жуда кўплаб ажойиб, спортчилар етишиб чиққан. Жумладан, Алина Кабаева, Зарина Мухаммеддинова, амакиваччам Амина Зарипова, Мария Николаевна, Янина Батыршина, Ульяна Трофимова, Замира Санақулова, Елизаветта Назаренковаларни айтиб ўтган бўлардим. Балки, ҳозир ёдимда йўқлари ҳам бордир. Улар ўз вақтида барча юқори натижаларни қайд эта олишган.АВВВВВ

Ажойиб футболчи Марат Кабаев қаҳрамонимиздан нимани илтимос қилган эди?

Алина Кабаевани алоҳида таъкидлаб ўтардим. Уни биринчи марта бадиий гимнастикага мен олиб кирганман ва ундаги истеъдодни хис қилиганимдан сўнг, Ирина Александровна Винер-Усмановага кўрсатган эдим. Рахматли отам билан Алинанинг дадаси Марат Кабаев жуда қадрдон бўлганлар. Ўша вақтлар Марат “Пахтакор”да тўп сурарди. У мендан қизини Ирина Виннерга кўрсатишимни илтимос қиларди. Асосан, мусобақалар, машғулотлар, сафарларда юрардим. Шунинг учун, уни алоҳида олиб бориб кўрсатишга вақт етмасди. Қолаверса, бу кичик қизалоқни устозимга тавсия этишга қўрқардим ҳам. Чунки, Ирина Виннер жуда қаттиққўл, талабчан эди. Мен ва устозим ўртасида ўзига хос масофа мавжуд бўлиб, ҳар қандай нарсани ҳам илтимос қила олмасдим. Албатта, бу хурмат юзасидан эди.

Ирина Виннерга ишлатилган айёрлик қандай бўлганди?

Кейинчалик фаолиятимни якунладим ва Тошкентга уйга келсам, Марат Кабаев бизникида мехмонда экан. Мен билан кўришиб, яна одатий саволини берди. Алинани тарбиялайсанми, Винерга кўрсатасанми... Ҳа, бўлди энди қўрқмайман.Чунки фаолиятимни якунладим дедим. Фақат ундан битта нарсани илтимос қилдим. Яъни Алинани бобоси ва бувиси ўзи яшаб турган дахада Крамейко исмли мураббийга олиб борарди. Ирина Александровна эса у билан хеч қачон чиқиша олмаган. Кўп бора турнирларда иккаласи орасида келишмовчилик бўларди. Шунинг учун, мен Алинага хеч қандай мураббийда шуғулланмаганлиги, ҳозирги холати табиий эканлигини айтишини тушунтирдим. Чунки, агар Крамейкони шогирди эканлигини билганда устозим балки уни олмаган, шуғуллантирмаган бўларди.

Ирина Александровна Винер-Усманова Алина Кабаевани бақалоқликда айблаганмиди?

Сўнгра, Алинани устозим олдига олиб бордим. Ирина Александровна бу кичик қизалоқни кўриб, бу ким? Ким олиб келди?-дея сўради. Мен дея жавоб бердим. Устозим одатдагидек бироз бақир-чақир қилди. Рухсат сўрамаганлигим учун. Мен Алинани кийиниш хонасига олиб кирдим. У табиийки, қўрқиб кетган эди. Унга тушунтирдимки, сен қўрқма, ўзингни ҳотиржам тут ва устозга ўзингни қандай махоратга эга эканлигингни кўрсат дедим. Тушунитириш ишларини олиб борганимдан сўнг, яна олдига олиб кирдим. Ирина Виннер яна сўради. Бу ким? Мен жавоб бердим. Бу қизалоқ “Пахтакор” жамоаси футболчиси Марат Кабаевнинг қизи. Жуда истеъдодли, эгилувчанлиги юқори бир кўриб беринг дея илтимос қилдим. Устозим рози бўлди. Алина эса, нималардир қилиб, маҳоратини кўрсатишга ҳаракат қиларди. Табиатан эгилувчан бўлган қиз ажойиб ҳаракатларни ижро этди. Ўша вақтда Алина тўлароқдан келган қизалоқ эди. Ушбу холат учун эътироз билдирди. Мен эса, бу болаликдаги холат ўтиб кетишини, формага туша олишини айтдим. Ундай бўлса, Малькина Андреевнага олиб бор деди. Шундай қилиб, Алина Малькинанинг қўлига тушди. Бироз вақт ўтди. Кабаева ўсиб-улғайди. Кейин Малькина Виннерга қўнғироқ қилиб. Алинанинг ажойиб формага кирганлигини, ўзидаги борини берганлигини бундан ортиғини бера олмаслигини айтади ва ўзининг қарамоғига олишини илтимос қилади. Ўша вақтда Ирина Виннер Москвада фаолиятини олиб бораётганди.алина виннер

Алина Кабаева уч ойда Винернинг мехрини қозона олдими?

Шундан кейин онаси Люба билан Алина Москвага йўл олади. Ирина Виннернинг олдига олиб боришганида тарих яна такрорланади. Яъни бу қизинг ҳали ҳам семизку дея эътироз билдиради. Шундай бўлсада, унинг чиқишларини кўриб, 3 ойда оза оласанми дея сўрайди. Алина албатта деб жавоб беради. Унда, сен ажойиб гимнастикачи бўлиб етишасан.Чунки сенда бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос табассуминг ва идеал эгилувчан тананг бор дейди. Шу билан Алина Ирина Александровна Винер-Усманова қўл остида машғулотларга киришади. Орадан уч ой ўтади ва Виннер Люба Кабаевага телефон қилади. Бундай гимнастикачининг олдида онаси албатта бўлиши зарур дейди. Хуллас, Алина Кабаева билан шундай воқейлик бўлган эди.

 

Юртдошимизни “Сўнги Могикан” га қиёслашар эдими?

Фаолиятимни кўп бора якунлашни ўйлаганман. Лекин қатъий қарор мамлакат кубоги вақтида жароҳати бор оёғимни яна бир бор қайириб олганимдан сўнг келганди. Ўша вақтларда Собиқ Иттифоқ ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси рахбарлари кўп бора яна фаолиятимни давом эттиришимни илтимос қилишди. Сен “Сўнги Могикан”сан дея, Фенимор Купер асаридаги қаҳрамонга қиёлашар эди. Сенинг чиқишларингдан бутунжаҳон завқ олади. Ёшлар кимдандир ўрнак олиши, ўрганиши керак деб илтимос қилишган. Чунки ўша вақтлар бизнинг классик авлодимиз ўз фаолиятини якунлаб бўлганди. Биттагина мен қолгандим. Шунинг учун ҳам “Сўнги Могикан” деб аташарди.

Мазкур спорт турида МДҲ давлатларига рақобатчи бор деб ўйлайди?

Албатта, МДҲ мамлакатлари доимо етакчи бўлган. Лекин ҳозирда жиддий рақобат туғдираётганлар ҳам йўқ эмас. Асосан, италияликлар гурух бахсларида кучли, ҳозирда яккаликда ҳам яхши натижалар қайд этишмоқда. Исроил спортчилари жуда идеал кўриниш олган. Болгарияликлар ҳар доим етакчи бўлиб келишган. Умуман олганда ҳозир барча мамлакатларда бадиий гимнастика ривожланиш босқичида. Чунки, жуда кўп юртларда асосан россиялик, украиналик, ўзбекистонлик мураббийлар фаолият олиб бормоқда.

“Домодедово” аэропортидаги саргузашт қандай бўлган ёхуд ҳамюртимизнинг кучли томони нимада эди?

Умуман олганда барча йўналишда мукаммал ҳаракат қила олардим. Ўша вақтларда обручлар фақат темирдан бўларди. Булавалар эса ёғочдан. Ленталарни ўзимиз тайёрлаб олардик. Ҳозирги кундаги мукаммал шароитлар бўлмаган. Бизнинг чиқиш қилишдаги асбоб-ускуналаримизни ибтидоий десак тўғри бўлмаса керагу, лекин шунга яқинроқ нарсалардан фойдаланганмиз. Қолаверса, биз машғулотлар олиб боришда жой танлаб ўтирмаганмиз. Шалоғи чиққан залларда ҳам, очиқ майдонларда, теннис кортларида ҳатто аэропортнинг ўзида ҳам шуғулланаверардик.  Мисол учун, Россиянинг "Домодедово" аэропортида уч кунлаб қолиб кетган кунларимиз бўлган. Ўшанда, аэропортнинг ўзида машғулотлар ўтказганмиз. Шундоқ ерга газета, картонларни ёзиб олиб, ётганмиз. Шунчаки буларнинг айтишимга сабаб, ҳозирги шароитлардан ёшларимиз унумли фойдалансин. Чунки, барча шароит мухайё. Ўзбекистонга ташрифим мобайнидаги бу ерда қурилаётган спорт мажмуаларини, бу ердаги қулайликларни кўриб, ҳавасим келади. Қолаверса, ҳозир ўзига хос рағбатлантириш бор. Машиналар, уйлар берилаяпти. Биз эса, жуда қийинчиликларни,синовларни бошдан ўтказганмиз. Бизда фақат мақсад бор эди. Биз фақат ватан шаъни учун курашганмиз.венр

Бадиий гимнастикачиларимиз кучли 10 лик сари яқинлашмоқдами ёхуд Маргарита Мамунларга рақобатчилар юртимизда топиладими?

Биласизми, Маргарита Мамунлар даври ортда қолиб улгурди. Ҳозирда, терма жамоада биргаликда шуғулланган дугонам Вера Шаталина шогирдлари опа-сингил Дина ҳамда Арина Авериналар жаҳон бадиий гимнастика олами етакчиларига айланишди. Ўзбекистонда ҳам яхши, истеъдодли қизлар бор. Тўғри, ҳозир кучли ўнликка ҳам киришмайди. Лекин улар аста-секинлик билан ушбу маррага яқинлашиб келишмоқда. Асосийси уларда мақсад ва шунга омил бўла оладиган махорат мавжуд.

Исроилда мактаб директори лавозимида ишлайдими?

Исроилда бадиий гимнастика бўйича мактаб-академиянинг директори лавозимида фаолият юритаман. Қолаверса, машғулотлар ўтказаман. Турнирларга асос солганман. Мисол учун, ноябрь ойида 13-бор “Venera CUP” халқаро турнири ўтказилади. Ушбу турнир мени номим билан юритилади. Мазкур мусобақани жаҳон даражасида илк бор ҳорижда октябрь ойида Батуми шаҳрида ўтказишни режалаштираяпмиз.

Афсонадан ёшлар учун ўзига хос насихат...

Ёш қизалоқларимизга фақат мехнат қилишларини, устозларини хурмат қилишларини ва улар айтганларини бекаму-кўст бажаришларини, ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб. Унга интилишларини таъкидлаб ўтардим.ааааааа

Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди.

 

 

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!