Ўзбекистонлик таниқли ҳакам 39 ёшида вафот этди

23 май куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Ҳасанова 39 ёшида бевақт ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарларга қараганда, Аида Ҳасанова вафотидан бир кун аввал ҳусусий косметология клиникасида жарроҳлик амалиётини ўтказган, шундан сўнг аҳволи оғирлашиб, тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида оламдан ўтган.

Маълумот учун, Аида Ҳасанова 1983 йил 4 август куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Қиличбозликнинг 3 йўналиши бўйича халқаро тоифадаги ҳакам даражасига етган ўзбекистонлик биринчи мутахассис ҳисобланади. Спортчилик фаолиятида халқаро тоифадаги спорт устаси даражасига эга бўлган. 2001-2006 мамлакат чемпионати ва халқаро турнирлар, Марказий Осиё биринчилиги, хусусан, 2005 йил Англияда ўтган нуфузли турнирда ғалаба қозонган. Ҳакамлик йўналишида ҳам қисқа фурсат ичида ўзининг одилона қарор қабул қилиши, шаффофлик ва ҳалоллик принсипларига риоя этиши билан Халқаро қиличбозлик федерацияси мутасаддиларининг эътиборига тушди. Сўнгги Жаҳон кубоги ва Гран-при мусобақалари, турли ёш тоифаларидаги жаҳон чемпионатларида мунтазам равишда ҳал қилувчи жангларни бошқариб борган. А.Ҳасанова ушбу спорт турида Олимпия ўйинларида ишлаган ўзбекистонлик биринчи ҳакам ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!