Ўзбекистонлик велоспортчилар биринчи бўлиб онлайн мусобақада куч синашишди

Карантин кунларида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон велосипед федерацияси спортчилар орасида онлайн мусобақа ўтказди. Дастлабки беллашув илк бор ташкил қилингани учун иштирокчилардан кўп нарса талаб этилмади ва регламент ҳам шунга мос содда, тушунарли қилиб ишланди. Қоида оддий: 30 сония ичида ким кўп ерга таянган ҳолда ётиб-туриш («отжимание» қилиш).

Мусобақада иштирок этиш учун 109 нафар спортчимиз ўз чиқишини ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилди. Иштирокчилар орасида 21 нафар қизларимизнинг борлиги янада аҳамиятли кўрсаткичдир. Демак, умумий жисмоний тайёргарликка қаратилган ушбу кичик баҳснинг ғолиб ва совриндорлари билан танишинг:

Йигитлар:
1. Никита Пальчик (РИОЗМИ)
2. Арслан Гафаров (ЧИОЗМИ)
3. Суҳроб Қурбонов (УИОЗМИ)

Қизлар:
1. Нафосат Козива (ЎзДЖТСУ)
2. Рената Байметова (ЎзДЖТСУ)
3. Анна Куликова (ФИОЗМИ)

Беллашув ғолиб ва совриндорлари карантин якунланганидан сўнг федерациянинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишади. Бундай мусобақа, шубҳасиз, спортчиларимизнинг карантин вақтида бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ўзаро соғлом рақобат уйғотиш борасида катта аҳамият касб этади. Куни кеча муҳтарам Президентимиз коронавирус пандемиясига қарши кураш мавзусида қилган мурожаатларида жисмоний тарбия билан шуғулланиб бориш борасида алоҳида тўхталиб ўтган эдилар. Ўтказилган мусобақа мазкур мурожаатнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси спортчилари орасида янгича ёндашув билан тарғиб қилинди.

Манба: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!