Ўзбекистоннинг илк велоспорт жамоасига словениялик мураббий таклиф этилиши мумкин
Ҳозирда Примож Роглич ҳамда Тадей Погачар каби словениялик велоспортчилар жаҳоннинг энг етакчи райдерлари қаторида эътироф этилади. Бунинг мисоли сифатида Тадей Погачарнинг 2020 йил велоспорт оламидаги энг нуфузли мусобақа “Тур де Франс-2020”да ғалаба қозонганини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси шоссе йўналишида терма жамоамиз нуфузини янада кўтариш, спортчиларимиз салоҳиятини оширишда ушбу мамлакат методидан фойдаланишни режа қилмоқда. Бу борада велоспорт бўйича яқинда ташкил этилган “UZBEKISTAN CYCLING PRO TEAM” жамоасининг асосий базаси ушбу давлатда бўлиши, қолаверса, жамоага словениялик мураббийни жалб қилиш кўзда тутилган.
Словениялик мураббий Филип Бранко ана шундай номзодлардан бири. Бугун ушбу мутахассиснинг жамоамиздаги фаолиятига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев, Халқаро велосипедчилар иттифоқининг вакили Фарҳод Алиев (Озарбайжон) ва бир қатор соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Онлайн йиғилишда мутасаддилар Филип Бранконинг аввалги фаолияти ва режалари ҳақида атрофлича суҳбатлашишди.
“Ўзбекистон терма жамоаларида ишлайдиган хорижлик мутахассислар маҳаллий мураббийларимиздан анча устун бўлиши керак. Жаноб Бранконинг резюмеси билан танишиб, бу мутахассис ҳақида яхши таассурот уйғонмоқда. Ҳукуматимиз юртимизда спорт соҳасини ривожлантиришга ҳар доимгидан катта эътибор қаратмоқда, бизни доимо қўллаб келмоқда. Шу боис хорижлик мураббийлар танловида хато қилмаслигимиз лозим”, – деди Равшан Ирматов.
Ўз навбатида Шерзод Ташматов ҳам словениялик мураббийга унинг юртимиздаги фаолиятига оид режалари бўйича саволларини берди. Словениялик мутахассис эса бунга қуйидагича жавоб берди:
“Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик велоспортчиларнинг иштирок этишини биламан. Бироқ мамлакатдаги инфратузилма, спортчиларнинг қайси даражада эканлиги, уларнинг жисмоний ҳолатини кўрмай туриб аниқ режа ҳақида фикр билдиришдан йироқман”.
Айни пайтда терма жамоамиз Туркиянинг Анталья шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Йиғилиш якунида спортчиларимиздан махсус тест натижаларини олиб, уни словениялик мутахассисга юбориш, шундан сўнг мазкур мавзу юзасидан яна бир учрашув ўтказиш бўйича хулоса қилинди. Эслатиб ўтамиз, эртага велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси йилнинг илк халқаро мусобақасида ўз иштирокини бошлайди.
Фикрлар