Ўзбеклар чемпионларни “тўкиб” қўйди, кубаликлар “калтак” еди, қозоқ ва русларда йўқотиш!
Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган катталар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатининг энг қизғин палласи чорак финалларга тўғри келди.
Саралаш босқичларида энг яхши натижани Куба терма жамоаси вакиллари қайд этди. Олис мамлакатдан келган 13 нафар боксчисидан 12 таси ярим финаллар йўлланмаси учун жанг қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Чорак финалгача Куба бокс мактаби тарбияланувчилари ўзлари иштирок этган барча жангларда ғалаба қозонди. Фақатгина терма жамоамиз вакили Ҳасанбой Дўсматов Эрислан Ромерони мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Ярим финал йўлланмалари учун жангга киришган 12 нафар кубалик боксчиларнинг тенг ярми чорак финалда “тўкилди”.
Сенсациялардан бирини оғир вазнда Лазизбек Муллажонов қайд этди. У кубалик икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, беш карра жаҳон чемпиони, Тошкентдаги мусобақанинг энг машҳур юлдузи Хулио Сесар ла Крусни очколар ҳисобида мағлуб этиб, медальсиз қолдирди.
Техникаси энг кучли боксчиларимиздан Асадхўжа Мўйдинхўжаев ўз вазнида жаҳон чемпионлигига асосий даъвогар сифатида эътироф этилган икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати олтин ва кумуш медаллари соҳиби, Панамерика чемпионатлари ва ўйинларида бир неча маротаба зафар қучган Роньел Иглесиас устидан ишончли ғалаба қозонди.
Ўзбекистонлик Олимпия чемпионлари – Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов мухлисларни хушнуд этди. Ҳасанбой амалдаги жаҳон чемпиони – япониялик Томоя Цубоининг юришини тўхтатиб қўйди.
Жаҳон чемпионатининг энг кутилган жангида Баҳодир Жалолов Қамшибек Кункабаевдан маҳорат ва тажриба бобида устунлигини яна бир карра исботлади. Бу икки моҳир боксчининг тўққизинчи тўқнашувидан кейин умумий натижа 6:3 кўринишига келди. Баҳодир иккинчи чемпионлик учун муҳим қадам ташлади.
Ўз вазн тоифасида чорак финал жангларида муваффақият қозонган Аълохон Абдуллаев, Саидшамшид Жаъфаров, Абдумалик Халаков, Ойбек Жўраев ва Руслан Абдуллаев ҳам ярим финалга чиқиб, камида бронза медални нақд қилди ва жаҳон чемпионлиги учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси вакилларидан 11 нафари рингга чиққан бўлса, фақатгина Мужибулло Турсунов ва Шоҳжаҳон Абдуллаев рақибга имкониятни бой бериб, медалдан қуруқ қолди.
Қозоғистон терма жамоасининг еттита вакилидан бештаси мусобақани давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди. Қамшибек Кункабаев билан бирга кубалик Сайдел Ортеге имкониятни бой берган Серик Темиржанов ҳам уйга қуруқ қайтадиган бўлди.
Қўшни мамлакат чарм қўлқоп усталаридан Санжар Ташкенбай япониялик Кадзума Аратаке, Махмуд Собирхон ганалик Муҳаммад Амаду, Дулат Бекбауов мексикалик Мигель Анхель Мартинес, Асланбек Шимбергенов франциялик Макан Траоре, Нурбек Оралбай иорданиялик Ҳуссейн Ишайшни енгиб, ярим финалга йўл олди.
Ярим финалда Россия терма жамоасидан ҳам олти нафар вакил жанг қилади. Игорь Свиридчиков ҳамюртимиз Саиджамшид Жаъфаровга ютқазди.
Тархан Идигов эса, грузиялик Лаша Гурулига имкониятни бой берди. Чорак финал баҳсларини ўз фойдасига ҳал қилган олти боксчи Тошкент рингларидаги юришини давом эттирадиган бўлди.
Яна Баҳодир Жалолов ҳақида...
Жалолов: Биргаликда чемпионликка эришамиз!
Фикрлар