Ўзимга қолса, клуб устидан ФИФАга арз қилмасдим, аммо маошингни эртага, индинга оласан деб алдаб келишди - Виталий Мирний "Андижон" билан боғлиқ вазият ҳақида гапирди

Кеча сайтимиз орқали ФИФА “Андижон” клубини украиналик Виталий Мирний олдидаги қарздорлигини берилган мухлат бўйича бажармагани учун жазо қўллагани ва бу борада жамоа устози Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг муносабатини ҳукмингизга ҳавола қилгандик.

Ваъда қилганимиздек, энди мазкур масаланинг бош қаҳрамони ҳисобланган украиналик дарвозабон билан билан боғландик.

- ФИФА “Андижон” клубини жазолаб, уни учта трансфер бозорида харидларни амалга оширмаслик юзасидан қарор қабул қилди. Сиз бу қарорга қўшиласизми? Умуман, ФИФАдан қандай қарор кутгандингиз?

- Ҳа, ФИФА “Андижон”ни учта трансфер бозоридан четлатди, ҳозирча. Агар улар яқин бир ой ичида молиявий масаладаги муаммони ижобий ҳал этадиган бўлишса, бу жазо чораси бекор қилиниши ва шартли бўлиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, ФИФА вазият яхши томонга ўзгармайдиган тақдирда клубдан жазо тариқасида маълум миқдордаги очколарни олиб ташлаши ҳеч гап эмас. Шунинг баробарида “Андижон” нафақат легионер, балки маҳаллий ўйинчиларни ҳам таркибга қўша олмайди. Бироқ юқорида айтганимдек, улар мен билан орани очиқ қилиб, маошдан тўпланиб қолган қарзларни тўлашса, бундай жазо бекор қилинади. Қатъий жазо чорасига келсак, юқоридаги жиҳатлар чиндан ҳам “Андижон”ни қийин аҳволга тушириб қўйиши тайин. Агар шунда ҳам клуб гарданидаги вазифани бажармайдиган бўлса, жазо яна кучайтирилиб жиддий суммадаги жаримага тортилиши турган гап. Шунинг учун клуб раҳбарияти вазият чигал кўриниш олмаслигини истаса, иложи борича тезроқ мен билан ҳисоб-китоб қилиб олиши керак. Биласизми, ўзимга қолса, клуб устидан ФИФАга арз қилмасдим. Кетишимдан олдин “Андижон”нинг олдинги раҳбари билан шу масала юзасидан гаплашганман. У менга яхши муомалада бўлмаган. Шунда ҳам ўзимни босиб вазият чигал тус олмаслиги учун қарзларни ҳал қилса яхши бўлишини эслатиб қўйгандим.

мирний2

- Маълумки, клуб тепасига янги раҳбар келди. Қарзларни қайтариш юзасидан сиз ким билан гаплашдингиз? Яъни, айтмоқчиманки, бошқа раҳбарлар билан ҳам бу масалани муҳокама қилиб олдингизми?

- Менга клуб раҳбариятидан кимдир, аниқ исм-шарифи эсимда йўғу, телеграм юбордим. У ФИФА томонидан клубга қўлланиш эҳтимоли юқори бўлиб турган жазо чораси борасидаги ҳужжатларни олганликларини маълум қилди.

- Қарзларингиз 100 фоиз қайтарилишига ишонасизми?

- Ҳа, бунга деярли ишончим комил. Чунки клубда вазиятдан чиқиб кетиш учун бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Агар қарзлар тўланмаса, “Андижон”нинг аҳволи янада жиддийлашиши турган гап. Негаки, мажбурият бажарилмаса, юқорида санаб ўтган жазо чораларидан ташқари “Андижон”нинг чемпионатдаги учрашувларига қўйилмаслиги ҳам мумкин бўлади. Бу жамоанинг қайси лигада тўп суришидан қатъий назар амалда бўлаверади. Яъни, “Андижон” хоҳ Суперлигада бўлсин, хоҳ про-лигада, ўйинларга қўйилмайди.

- Агар сир бўлмаса айтинг-чи, клубнинг сиздан бўлган қарзи қанча?

- Қарзлар масаласига келсак, ҳар ойда у фоизлар билан ошиб бормоқда. Уларнинг нима сабабдан бу ишни пайсалга солиб келаётганларини сира тушунмаяпман. Агар “Андижон” раҳбарияти қарзни тезроқ сўндирса, бундан кейин юзага келиши мумкин бўлган жиддий муаммоларнинг олдини олган бўлади. Ҳолбуки, ҳар ойда якуний суммага беш фоиздан қўшилиб бормоқда.

мирний4

- Қарзларни қайтариш йўлида сизга ким ёрдам беряпти?

- Украинадаги энг яхши, ўз ишини жуда пухта биладиган юрист шу иш билан шуғулланмоқда. Айнан у мен билан клуб ўртасида юзага келган можарода асосий ишларни бажаряпти.

- Фаолиятингизда худди мана шундай ҳолатлар илгари ҳам кузатилганмиди?

- Йўқ, бундай бўлмаган. Фақат “Андижон” билан боғлиқ муносабатда мана шунақа ҳолатга дуч келиб турибман. 10 йилдан бери профессионал савияда тўп суриб келаётган бўлсам, маошлардан тўпланиб қолган қарз билан боғлиқ мана шундай вазиятга илк бор тушдим. Илгари футболчининг қўйнини пуч ёнғоч билан тўлдиришларини сира кўрмагандим. Мени маошингни эртага оласан, индинга оласан деганча роса алдаб келишди. Бу яхши эмас. Ахир футболчини оёқлари боқади.

- Сиз ҳозир ҳам “Черноморец”дамисиз? Яна Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйламаяпсизми?

- Йўқ, ҳозир “Черноморец”да эмасман, клубдан кетганман. Айни чоғда бирор-бир жамоа билан боғлиқ эмасман. Агар имкон туғилса тақдиримни Ўзбекистондаги клублардан бири билан жон деб боғлаган бўлардим. Чунки илгари ҳам Ўзбекистонда ўйнаш ўзимга ёқаётганини кўп айтганман. Мисол тариқасида “Нефтчи”ни оладиган бўлсам, у ерда раҳбарият ва мураббийлар штаби вакиллари ҳамда қолганлар мен билан жуда яхши муносабатда бўлишган. “Нефтчи”дан кетганимдан кейин водийнинг яна бир жамоаси – “Андижон” сафига қўшилгандим. Бахтга қарши бу клубда маошлар билан боғлиқ муаммо туфайли фаолиятим ўхшамади. Агар Ўзбекистондаги жиддий жамоалардан бири менга таклиф билан чиққудек бўлса, жон деб қабул қилардим. Биласизми, агар “Андижон”дагилар молиявий масалани ижобий ҳал этганларида у ердан кетмаган бўлардим. Энди ўзингиз бир ўйланг: ярим йил давомида бутунлай бошқа мамлакатда пулсиз қолиб кетиш кишини жуда мураккаб аҳволга тушириб қўяди-ку! Устига-устак ҳар қандай киши олти ой давомида маош олмасдан ишлашга рози бўлмайди. Шундай эмасми? “Андижон”даги фаолиятим шундай ниҳоясига етишини ўзим ҳам истамагандим.

мирний

- “Андижон”нинг бугунги кунда қайд этаётган натижаларидан хабарингиз борми? Нима деб ўйлайсиз, клуб Суперлигадаги ўрнини сақлаб қола оладими?

- Ҳа, хабарим бор. Клубнинг Суперлигада жон сақлаб қолишини жуда ҳам истайман. Чунки жамоадаги футболчиларни яхши биламан. Улар жуда ажойиб йигитлардир. Қолаверса, Андижондаги ишқибозлар севган жамоасини ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашади. Бир сўз билан айтганда, клубнинг кучлилар лигасида ўз ўрнини сақлаб қолишидан умидворман. Ҳозир “Андижон”да шахсан ўзим яхши билган мураббий ишлаяпти. У асосий клубга қадар ўринбосарлар жамоасида ишлаган. Ҳамидуллаевнинг қўл остида ўринбосарлар жамоасида ҳам бир қанча учрашувларда иштирок этганман. У ўз ишини яхши биладиган мутахассисдир. Қолаверса, Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг “Андижон” клуби учун қандай аҳамият касб этишидан хабарим бор. Чунки Ҳамидуллаев ўйинчи сифатида “Андижон”да порлаб, яхши тўпурар эканлигини барчага исботлаб берган ва юқори индивидуал натижаларни қайд этганини биламан. У инсон сифатида ҳам жуда ажойиб шахсдир. Бугунги кунда клубда сидқидилдан ишлаётган кишиларнинг “Андижон”даги ҳолат мана шундай аянчли тус олганида сира айблари йўқ. Чунки олдинги раҳбарият клубни боши берк кўчага киритиб қўйган. Андижондек шаҳарда нафақат Суперлига иштирокчиси, балки юқори ўринлар учун кураша оладиган рақобатбардош жамоаси бўлиши керак. Чунки мен ўша ерда ўйнаб юриб, клубнинг уй ўйинларида стадион мухлислар билан лиқ тўлганлигига етарлича гувоҳ бўлдим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!