ЎзПФЛ раҳбарияти АГМК клубининг янги мавсумга тайёргарлиги билан танишди

Кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров бошчилигидаги гуруҳ Тошкент вилояти клубларининг янги мавсумга умумий тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди.

Жумладан, ЎзПФЛ раҳбари Олмалиқнинг АГМК клубига ташриф буюрди ва клубнинг стадиони, янги қурилиши мўлжалланаётган қароргоҳ ҳамда академияси, клуб иш фаолиятини кўздан кечирди.

Жорий мавсумда ўз тарихида илк марта халқаро майдонда тўп сурган АГМК клуби 2019 йилги мавсумга умумий олганда яхши ҳозирлик олиб борди. Клуб ўз стадионини бирламчи таъмирдан чиқарди. ОАВ вакиллари учун медиа-трибуна ҳамда микст-ҳудудлар барпо этилди. Майдон ҳолати ҳам яхши даражада бўлиши таъминлаб келиняпти. Омон Ғофуров дастлаб клуб айни пайтда уй учрашувларини ўтказаётган ушбу ОКМК спорт мажмуасига ташриф буюрди ва стадион ҳамда клубнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида ЎзПФЛ раҳбари АГМК клуби президенти – “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов билан ҳам суҳбатлашди. Клуб президенти таъсисчи корхона томонидан АГМК клубининг инфратузилмасини яхшилаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, яқин вақт ичида АГМК клуби ўз академиясини барпо этиш ишларини бошлаши қайд этилди. Шунингдек, Олмалиқ аҳлининг, жумладан, 30 мингга яқин ишчи меҳнат қилувчи “Олмалиқ КМК” АЖ ишчи-ходимларининг АГМК жамоаси уй учрашувларига кўпроқ ташриф буюришларини таъминлаш мақсадида мазкур клуб уй ўйинларини мазкур корхона ишчилари вақтига тўғри келадиган тарзда белгилаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, ЎзПФЛ бош директори раҳбарлигидаги гуруҳ АГМК клубининг эски стадиони – “Металлург” ўйингоҳига ташриф буюрди. Ушбу стадион ҳудудида АГМК жамоасининг янги қароргоҳи барпо этилиши кўзда тутилган. Режага кўра, стадион ҳудудида жамоа асосий таркиби учун қароргоҳ, янги академия ҳамда аёллар ва футзал жамоалари учун майдон ва заллар ҳам қурилади. Қурилиш жараёни яқин вақт ичида бошланиши мўлжалланмоқда.

АГМК клуби инфратузилмасини яхшилаш, жамоага янги қароргоҳ ва академия қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар, амалий режалар ЎзПФЛ раҳбарида анча илиқ таассурот қолдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!