ЎзПФЛ вакили ОФКнинг лицензиялаш бўйича семинарида иштирок этди

22-23 сентябр кунлари Малайзия пойтахти Куала Лумпурда Осиё футбол конфедерациясининг Лицензиялаш бўйича семинари ўтказилди. Унда ЎзПФЛ Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зохиржон Акрамхонов иштирок этди.

ОФК томонидан янги тасдиқланган Лицензиялаш регламентидаги ўзгаришлар, қитъа футбол конфедерациясининг эндиликда куз-баҳор тизимига ўтаётгани ва ушбу мавсум алмашишининг лицензиялашга таъсири, лицензиялаш талабларини кучайтирган ҳолда аёллар ва футзал мусобақаларини янада такомиллаштириш борасидаги янгиликлар семинар иштирокчиларига таништирилди.

ОФКнинг барча аъзо мамлакатлари лицензиялаш менежерлари қатнашган семинарда ортда қолган йилги профессионал футбол клубларни лицензиялаш сарҳисоби амалга оширилди. Ёдингизда бўлса, 2021-йилги лицензиялаш якунларига кўра, 12 та ўзбек клуби ОФК лицензиясига эга чиққан эди. Лицензия олган клублар сони бўйича Ўзбекистон Япония ва Жанубий Кореядан сўнг БАА билан 3-поғонани бўлишиб олганди. Қолаверса, ўтган йили қитъада дастлабки 4 та мамлакат қаторида Ўзбекистонда аёллар жамоаларини ҳам лицензиялаш жараёнидан ўтказиш йўлга қўйилди ва Осиёдаги илк аёллар жамоалари қаторида Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” ҳамда Тошкентнинг “Бунёдкор-W” жамоалари ОФК лицензиясини қўлга киритишди. Семинарда 2021-йилги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилиниб, эндиликда янги мавсумдан эътиборан ихтиёрий равишда футзал клублари ҳам лицензиялашга жалб этилиши маълум қилинди.

Икки кун давом этган семинарда айни пайтда ОФКда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик 3 нафар мутахассислар Авазбек Беридиқулов, Санжар Ризаев ва Аҳмед Тиллаев ҳам ҳозир бўлишди. Авазбек Беридиқулов семинарнинг биринчи кунида ОФК ташкил этадиган мусобақалар хусусида тақдимот ўтказди. Санжар Ризаев эса қитъа футбол конфедерацияси томонидан йўлга қўйилган ривожланиш дастурлари ҳақида семинар қатнашчиларига маълумот берди.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!