Пара таэквондо: Осиё чемпионатида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медаль қўлга киритилди!
Хабар берганимиздек, айни кунларда Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида пара таэквондо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Эътиборлиси, ушбу мусобақада 6 нафар ҳамюртимиз совриндорлар сафидан жой олди. Жумладан, эркаклар ўртасида -63 кг вазн тоифасида Кудрат Хайдаров барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда олтин медални қўлга киритган бўлса, ҳудди шу вазнда яна бир вакилимиз – Қудрат Суюнов бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, -70 кг вазн тоифасида Асил Хусанов ва +80 кг вазн тоифасида Асад Анваров бронза медали соҳибига айланди.
Аёллар ўртасида -47 кг вазн тоифасида Зиёда Исоқова кумуш медални терма жамоамиз ҳисобига қўштириб қўйди. +65 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Гулжаной Наимова эса доимгидек ғолибликни ҳеч кимга бермади ва навбатдаги олтин медалини қўлга киритди.
Қайд этиш лозимки, қитъанинг 21 давлатидан 100 дан ортиқ спортчи қатнашган ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Эрондан сўнг 2-ўринни эгаллади. Кучли учликдан эса Қозоғистон жой олди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоамиз Осиё чемпионатининг энг яхши жамоаси деб топилди ва терма жамоамиз мураббийи Бобур Қўзиев мусобақанинг энг яхши мураббийи номига лойиқ кўрилди ҳамда махсус кубок билан тақдирланди.
Фикрлар