Пара тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди (фото)
“Амирсой” тоғ чанғи курортида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан илк бор пара тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрилло Махмудов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Махмуд Болтабоев, “Амирсой” тоғ чанғи курорти бош директори Саидвали Саидхўжаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан қишки спорт турларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани ва барпо этилаётган замонавий спорт мажмуаларидан унумли фойдаланган ҳолда пара атлетларимизни қишки Паралимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилаётганини таъкидлашди.
Қизиқарли кечган мусобақа якунларига кўра, пара тоғ чанғиси бўйича аёллар ўртасида Асел Турдимуратова ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Юлдуз Махмудовага насиб этди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Фирдафс Худоятовга тенг келадигани топилмади. Кумуш медалга Камрон Абдувоҳидов сазовор бўлди.
Бундан ташқари, пара сноуборд ҳамда аравачада кёрлинг бўйича саралаш тадбирлари ўтказилиб, иқтидорлилар танлаб олинди.
Фикрлар