Паралимпия. Пара таэквондочиларимиз йилни юқори нотада якунлашди

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида пара таэквондо бўйича ўтказилган халқаро Гран-при мусобақаси ўз якунига етди.

Ушбу мусобақада дунёнинг 24 та давлатидан жаҳон рейтингида 1-8 ўринларда бораётган 80 нафар спортчи иштирок этди. Эътиборлиси, йилнинг сўнгги йирик турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та медални қўлга киритди. Жумладан, аёллар ўртасида +65кг вазн тоифасида Гулжаной Наимова олтин, -47 кг вазн тоифасида эса Зиёда Исоқова кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, эркаклар ўртасида -80 кг вазн тоифасида Асад Тоштемиров ҳам кумуш медаль билан тақдирланди.

Таъкидлаш керакки, Ар-Риёд Гран-приси ғолиблари Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига 100 рейтинг очко, кумуш медаль соҳиблари 60 очко, бронза медаль соҳиби эса 40 очкога эга бўлади. Бундан ташқари, мусобақада қатнашган спортчиларнинг барчасига 20 рейтинг очкоси тақдим этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!