Паралимпия қўмитаси раҳбарияти Париж-2024 ўйинлари обьектлари билан танишди ва Франциянинг нуфузли спорт ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди

Хабарингиз бор, Париж 2024 йил XXXIII ёзги Олимпия ва XVII ёзги Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Айни дамда Франция пойтахтида сайёрамизнинг энг нуфузли спорт анжуманига кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти - Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳамда қўмита Бош котиби Фаррух Ахмедов Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси таклифига асосан барпо этилаётган Паралимпия шаҳарчаси ва спорт объектларини ўрганиб чиқди ҳамда унинг тақдимотида иштирок этди.

Ташриф доирасида шунингдек, Париж-2024 ташкилий қўмитаси раҳбарияти ҳамда Франциянинг бир қатор нуфузли спорт ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган эди.

41

Ташрифнинг иккинчи кунида Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳамда мамлакатимизнинг Франция Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев Франция Спорт, экспертиза ва қобилиятларни аниқлаш миллий институти (INSEP) бош директори Фабиен Кану ҳамда Франция Паралимпия қўмитаси президенти Марие-Амели Ле Фур билан учрашди.

Самимий руҳда кечган музокаралар давомида Фабиен Кану Ўзбекистонда спортни қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзбек спортчиларининг нуфузли ҳалқаро мусобақаларда муваффақиятли иштироки, давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган тизимли ишларнинг натижаси эканини алоҳида таъкидлади. Марие-Амели Ле Фур эса ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишга ва ҳамкорликда спорт тайёргарлик дастурларини ташкил этишга қизиқиш билдирди.

5_34

Бундан ташқари, томонлар Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилди.

Шунингдек, Мухторхон Ташходжаев юқори даражали спортчиларни тайёрлайдиган институтнинг (INSEP) спорт инфратузилмаси билан ҳам яқиндан танишди. Француз томони эса ўзбекистонлик Паралимпия спортчиларини Париж-2024 Паралимпия ўйинларига янада пухта тайёргарлик кўришда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш учун ушбу спорт базаларини тақдим этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув сўнгида, томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!