"Париж-2024": Бугун ўз иштирокини ўтказган барча спортчиларимизнинг натижалари билан танишинг
"Париж-2024" Олимпиадаси давом этади. Бугун (31 июль) куни ўз иштирокини ўтказадиган спортчиларимизнинг натижаларидан матнли трансляцияни сайтимиз орқали кузатиб боришингиз мумкин:
Бокс бўйича жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам Олимпия ўйинларидаги дебют жангини муваффақиятли ўтказди. Мисрлик Омар Элавадига қарши рингга кўтарилган юртдошимиз ўзининг кучли ва аниқ зарбалари қаршисида рақибини ожиз қолдирди. Энди у 3-август куни Макан Траоре (Франция) ва Николаи Тертерян (Норвегия) жуфтлиги ғолиби билан ярим финал йўлланмаси учун жанг қилади.
Камондан ўқ отиш бўйича вакиламиз Зиёдахон Абдусатторова чехиялик спортчига қарши баҳсга қиришди ва унда 4:2 ҳисобига кўра мағлуб бўлди. Шу тариқа, Зиёдахон турнирдаги иштирокини якунлади.
Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Амирхон Содиқов Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.
Ҳамюртимиз 2-даврада "Лондон-2012" ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони италиялик Мауро Несполига 4:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Амирхон Содиқов иштирокидаги камондан отиш мусобақасининг бугунги баҳсида ҳамюртимиз аргентиналик Мариё Дамиан устидан соф ғалабага эришди ва 1/16 финал йўлланмасини қўлга киритди.
Давлат Бобонов БАА вакилига қарши татамига чиқди
Маҳоратли дзюдочимиз, Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов Олимпиададаги иштирокини бошлади. Ҳамюртимиз илк даврада БАА терма жамоаси аъзоси Арам Григорян билан тўқнаш келди. Афсуски жанг Григорян фойдасига ҳал бўлди ва Бобонов Олимпиададаги иштирокини якунлади.
Гулноза Матниязова япониялик рақибига мағлуб бўлди
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулноза Матниязова "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. Иккинчи босқичда япониялик Саки Низое билан беллашган юртдошимиз имкониятни бой берди.
Абдумалик Халаков ҳам ғалабали эстафетани давом эттирди
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков (-57 кг) ҳам иштирокини ғалаба билан бошлади. Иккинчи даврадан баҳсларга киришган ҳамюртимиз швециялик Набил Иброҳимга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва чорак финалга йўл олди. Энди у ярим финал йўлланмаси учун Маҳмуд Сабирхан (Қозоғистон) / Хосе Куилес (Испания) жуфтлигининг ғолиби билан беллашади.
Гулноза Матниязова ғалаба билан бошлади
Хабарингиз бор, ХХХIII Ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо баҳслари давом этмоқда. Бугунги кун доирасида -70 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Гулноза Матниязова КХДР вакили Сон Хи Мунга қарши татамига чиқди. Муросасиз кечган баҳсда Гулноза ғалабани илиб кетди. Шу тариқа, ҳамюртимиз кейинги босқичга йўлланма олди.
Нурматов ва Сафаралиев жуфтлиги иштирокини якунлади
Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев учун Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари ўз поёнига етди. Енгил вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашган ҳамюртларимиз C финалида иштирок этиб, 6:31.33 дақиқа кўрсатишди ва 3-бўлиб маррага етиб келишди. Ушбу натижа билан ҳамюртларимиз Олимпиадани 15-поғонада якунлайдиган бўлишди.
Фикрлар