"Пахтакор", "Сўғдиёна" ва "Динамо"ни бошқалардан нима ажратиб турибди?

Суперлиганинг иккинчи давраси бошланиб, бешта турни ҳам ўтказиб бўлдик. Шуни алоҳида айтиш ўринлики, жорий биринчилигимиз «Пахтакор» клубининг гегемонлиги остида ўтмоқда. «Шерлар» бу сафар чинакамига ўз шерлигини кўрсатган ҳолда рақобатдан ҳоли жамоага айланиб олди. Лекин бошқа жамоалар учун интрига ҳали йўқолмаган ва айримлар учун бу ҳолат энди бошланмоқда ҳам. Масалан, мавсумнинг иккинчи қисмига келиб, кимлардир кўтарилишга эришаётган бўлса, яна кимлардадир пасайиш ҳолати кузатилмоқда. Лекин чемпионатимизда чемпион жамоа номи деярли аниқ бўлиб улгурган бўлса-да, барибир интригани буткул йўқолди деб айта олмаймиз. Барибир ўзига яраша қизиқиш ва курашувнчанлик бор. Эътиборингизни эса бошқа бир жиҳатга қаратмоқчисиз. Иккинчи даврани жамоалар турлича бошлашди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кимдадир кўтарилиш бўлса, қайсидир жамоаларда пасайиш кузатиляпти. Иккинчи давранинг дастлабки бешта туридан кейин айрим қизиқарли фактлар юзага чиқмоқда. Яъни, клубларимизнинг иштирокларига ва уларнинг қайд этаётган натижаларига назар солар эканмиз, бунда «Пахтакор», «Сўғдиёна» ҳамда «Динамо» клубларининг натижалари бошқаларникидан ажралиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. Қуйида айнан учала клуб ҳақида сўз юритамиз.

Рақиблари дарвозасига истаганча гол ураётган «Пахтакор»

Чемпионатимизда биргина мағлубиятсиз юришини давом эттираётган клуб – «Пахтакор» ҳар томонлама рақибларидан кучли эканлигини исботламоқда. Шота Арвеладзе бошқарувидаги жамоанинг ожиз нуқталарини ҳозирча ҳеч ким топа олганича йўқ. Иккинчи давранинг дастлабки бешта турига эътибор қаратсак, «шерлар» деярли катта устунлик билан ғолиб чиқишаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Охирги тўртта турдан бери эса рақибларини йирик ҳисобларда мағлуб этиб келмоқда. Ҳозиргача 16 марта ғалаба қозонган бўлса, шундан тенг ярмида фақат йирик ҳисобларда устун келган. Урган голларига қаранг, 18 та учрашувда 58 бор тўп киритган. Ўз дарвозасидан эса бор-йўғи 11 марта тўп олиб чиққан холос. «Сурхон» ҳамда «Навбаҳор»га қарши баҳсларда дуранг ўйнаган «Пахтакор» қолган барча баҳсларда рақибларини ўзи истаган ҳисобларда ютиб келаётганини ҳисобга олсак, шунчаки қойил қолиш керак. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубогида ҳам «Пахтакор» иштирокини давом эттирган ҳолда ярим финалгача етиб келди. Айтиш мумкинки, ушбу мусобақаларда ҳам Арвеладзе жамоаси асосий фаворит сифатида тилга олинмоқда. Бу йил «Пахтакор»нинг учала фронтда ҳам муваффақият қозониб ўзига хос хет-трик қайд этиш имконияти бор. Айни пайтда эса «Пахтакор» чемпионатда 10 та ўйиндан бери ғалабали сериясини давом эттириб келмоқда. Эътиборлиси, охирги бор, ўз уйида 8-турда «Навбаҳор» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Олдинда эса пешқадам жамоани 19-тур доирасида Наманганга «Навбаҳор»га қарши жавоб беллашуви кутиб турибди. Хўш, «Навбаҳор» яна бир бор «Шерлар»ни тўхтата олармикин?

«Пахтакор»нинг иккинчи даврадаги натижалари

14-тур       «Пахтакор» - «Қўқон-1912» - 3:1

15-тур       «Қизилқум» - «Пахтакор» - 0:5

16-тур       «Пахтакор» - «Бухоро» - 5:0

17-тур       АГМК – «Пахтакор» - 0:3

18-тур       «Пахтакор» - «Андижон» - 5:1

Қойил қолса арзийдиган «Сўғдиёна»

Асосан лигада жон сақлаб қолиш учун курашишига ўрганиб қолганимиз «Сўғдиёна»нинг жорий мавсумда қандай «ҳунарлар» кўрсатаётганига бир қаранг! Жамоа иккинчи даврани мағлубиятсиз бошлаб, бу ёқимли анъанани давом эттирмоқда.

Дастлабки бешта учрашувнинг тўрттасида ғалаба ва биттасида дуранг. Табиийки, бундай кўрсаткичдан кейин юқорига кўтарилмасдан яна ким кўтарилсин?! Буни қарангки, эндиликда «Сўғдиёна»да шундай имконият пайдо бўлдики, улар бронза медал учун курашишга қўшилишди. Чунки 3-ўриндаги «Бунёдкор»дан фақат бир очкога ортда қолишяпти холос. Аслида эса клубга Улуғбек Бақоев бош мураббий этиб тайинланганидан кейин жамоанинг ўйини ва натижаларида ижобийлик дарҳол кўзга ташлана бошлади. Ушбу мутахассис бошчилигида жиззахликлар ҳозиргача 8 та ғалаба, 3 тадан дуранг ва мағлубият қайд этди. Бу албатта ижобий ҳолат. Айниқса, бош мураббийнинг билими ҳамда салоҳияти туфайли жамоага ғолиблик руҳини сингдира олганига қойил қолиш керак. Ваҳоланки, Сергей Лушандан кейин бу лавозимни эгаллаган пайтда кўпчилик ундан бундай натижаларни кутмаганди. Бақоев мураббий сифатида ўзининг янги қирраларини Жиззахда намойиш эта олаётгани айни ҳақиқат.

«Сўғдиёна»нинг иккинчи даврадаги натижалари

14-тур       «Сўғдиёна» - «Локомотив» - 1:0

15-тур       «Қўқон-1912» - «Сўғдиёна» - 1:2

16-тур       «Сўғдиёна» - «Қизилқум» - 1:0

17-тур       «Бухоро» - «Сўғдиёна» - 1:1

18-тур       «Сўғдиёна» - АГМК – 1:0

«Динамо»га кўз тегдими?

Биринчи даврада чинакамига қаҳрамонлик кўрсатиб, камтарона таркиб билан курашувчан жамоа сифатида кўзга ташланган «Динамо» барчада илиқ таассурот қолдираётганди. Лекин иккинчи даврага келганда уларнинг натижалари чаппасига кета бошлади. Аслида «Динамо»нинг мавсумни худди шундай ҳолатда бошлашини кутишганди. Бироқ самарқандликлар чемпионатда бошқаларга очко улашувчи жамоа эмаслигини дастлабки турданоқ исботлашга тушдилар. Чиндан ҳам бош мураббий Даврон Файзиев ўртача даражадаги ўйинчилардан ҳужумкор ва рақобатбардош жамоа туза олганини кўргандик. Шу сабабли биринчи даврада «Динамо» барчани ҳайрон қолдирганди. Лекин иккинчи даврага келиб жамоанинг натижалари бирданига салбийликка ўзгариб қолди. Аслида улар учун иккинчи даврани кетма-кет иккита етакчига қарши бошлаш жуда қийин эди. «Бунёдкор» ва «Локомотив» майдонида ҳар қанча курашмасин мағлуб бўлишди ва шундан кейин ҳам жамоа аъзолари руҳий тушкунликдан чиқиб кета олмаяптилар. Натижада бешта турдан бери ютқазиб келишмоқда. Аслида эса «Динамо» биринчи давранинг охирги турида «Бунёдкор»га ютқазганини ҳисобга олсак, кетма-кет олтита учрашувдан бери мағлубиятга учраб келмоқдалар. Ҳозирча Суперлигада ҳеч бир клуб бунчалик кўп мағлубиятли серияга тушиб қолгани йўқ.

«Динамо»нинг иккинчи даврадаги натижалари

14-тур       «Бунёдкор» - «Динамо» - 4:2

15-тур       «Локомотив» - «Динамо» - 2:0

16-тур       «Динамо» - «Қўқон-1912» - 0:1

17-тур       «Қизилқум» - «Динамо» - 2:1

18-тур       «Динамо» - «Бухоро» - 0:3

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Фан
09/09/2019 00:04
Сугдиёна жамоасини сунгги пайтларда ижобий томонга узгаришида бош мураббийни роли катта, бу уз-узидан хаммамизга ма'лум булиб улгурди.
Лекин Пахтакор жамоаси хакида фикрим сал бошкачарок.
Пахтакорни хозирги идеал таркибига лигамизда хеч бир жамоа ракобатлаша олмаслиги хам хаммага аён.
Айтмокчи булганим Пахтакор шу таркиби б/н Ш. Арвеладзе иштирокисиз хам худди шундай натижа б/н худди шундай уринда туришига хеч биримиз шубха килмаган булардик.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
08/09/2019 18:14
Shota narmalni murabbiy bulsa yuq joydan bor qilib kamanda tuzardi. kela solib. qulidan hech narsa kelmagandan keyin yahlit Nasafcha kamanda tuzdi. agar narmalni murabbiy bulsa. uzgacha uz falsafasini kashv qilardi. tugri puli bor oladida deyishlariz mumkin. lekin pahtakorni yuqorisiga turganla. uylap reja tuzib. ish qilishi kerak edi. yangi nomlarni kashv qilsin edi. ana ushandagena. MTJ raqabot bulardi.
Абдусамат Жураев
08/09/2019 16:03
Худо хохласа Канчельский ва Навбахор ва мухлислар бир булиб Пахтакорни тухтатамиз
Shaxboz Bekmurodov
08/09/2019 15:14
So‘g‘diyono malades ishlashdan to‘xtama