"Пахтакор" бош мураббийи "Шаржа"га аламли тарзда бой берилган ғалаба ҳақида нималар деди?

Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 4-турида "Пахтакор" "Шаржа"га қарши ўйнаб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу беллашувдан сўнг, "шерлар" бош мураббийи Питер Хюистра қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Ўйинни вақтлироқ тугатишимиз керак эди. Жуда кўплаб вазиятлар яратдик, ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Кўпроқ гол урсак бўларди. Голни эса,  қанот ҳакамининг тушунарсиз тарзда байроғини кўтарганидан сўнг ўтказдик. Футболчилар ўша ҳолатда тўхтаб қолишди.

Биз 80-дақиқада Йўлдошевни майдонга тушириб, битта қўшимча ҳимоячини ўйинга қўшдик. Ҳозир бошқа гуруҳлардаги ҳолатни кутишга мажбурмиз. Бугун ишончли ғалабага муносиб эдик. Афсуски, футболда шундай омадсизлик учраб туради.

Рақиб билан биринчи ўйинда ҳам аслида жуда ёмон ўйнамадик. Фақат ҳимоя билан боғламни сақлай олмагандик. Бугун жуда яхши ўйнадик. Ўйинда катта ташаббусга эга эдик. Футболда натижа биринчи ўринда, буни биламиз. Ўйинимизни янада яхшилаб боришга интилишимиз керак. Биринчи бўлимнинг ўзида жуда яхши имкониятлар юзага келтирдик", - деди голландиялик мутахассис. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!