"Пахтакор" машҳур жамоа. Таклиф тушса албатта кўриб чиққан бўлардим" - Сергей Юран SPORTS.UZ сайтига яна нималарни айтди?

Россиялик таниқли футбол мутахассисларидан бири Сергей Юранни яхши биласиз. У юртида бир қатор клубларни бошқарди. Охирги жамоаси “Нижний Новгород” жамоасидир. Қолаверса, Сергей Николаевич футболимизга ҳам бефарқ эмас. Куни кеча Sports.uz мухбири Юран билан боғланди. Вақти тиғиз бўлишига қарамасдан саволларимизга қисқача бўлса ҳам жавоб қайтарди.

- Сергей Николаевич, суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Сиздан охирги марта 2022 йилнинг декабрь ойида Sports.uz сайти учун интервью олгандим, ёдингиздами? Ҳозир нима иш билан бандсиз?

- Ҳозирча уй ишлари билан бандман!

- Охирги клубингиз “Нижний Новгород” клуби ҳисобланади. Шундан бери аниқ таклифлар бўлдими? Режаларингиз қандай?

- Охирги пайтларда аниқ бир таклиф бўлгани йўқ. Режам эса тезроқ ишга қайтиш!

- Ёдингизда бўлса, икки йил аввал сизни Ўзбекистонда ишлашингиз мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Шундан бери сизга яна юртимиздан жиддий қизиқишлар бўлдими?

- Ўзбекистондан ҳеч қандай таклиф келиб тушгани йўқ!

- Россия чемпионатида кашфиёт футболчига айланган Аббос Файзуллаев ҳақида кўп гапириляпти. У сизни нимаси билан ҳайрон қолдирди?

- Россия чемпионатига тез мослашиши орқали Аббос мени ҳайрон қолдирмоқда!

- Яқинда жаҳон чемпионати учун асосий саралаш баҳслари бошланди. Ўзбекистон 2 та ўйинда ғалаба қозонди. Ўйинларни кузатяпсизми? Мундиалга чиқа оламизми?

- Терма жамоа ўйинини томоша қилганим йўқ. Лекин имконият ҳар доим бўлади, шунчаки улардан фойдаланиш керак холос!

- Олдинги суҳбатимизда Андрей Пятницкийни тилга олгандингиз. У ҳозирда Ўзбекистонга қайтган ва “Динамо” (Самарқанд) U21 жамоасига мураббийлик қиляпти. Хабарингиз борми?

- Ўзбекистонга қайтгани учун Андрейдан хурсандман!

- Юртимизда россиялик таниқли футбол мутахассиси Андрей Канчельскис икки марта ишлади. Аммо соврин ютмади. Унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида нималарни биласиз?

- Ҳа, Канчельскис билан гаплашдим. У менга ўйинларга жуда кўп мухлислар келаётганини, лекин бахтга қарши уларни ғалаба билан қувонтира олмаётганларидан хафа бўлганини айтди.

- “Пахтакор” клуби бош мураббий Максим Шацкихни истеъфога чиқариши кутиляпти. Агар ушбу клубдан сизга таклиф бўлса буни қабул қилармидингиз?

- “Пахтакор” - жуда машҳур жамоа. Унинг олдига ҳамма вақт жиддий вазифалар қўйилади. Таклиф келиб тушса, албатта кўриб чиққан бўлардим.

- Юртимиздаги қайси мураббийлар билан яқин муносабатдасиз?

- Ҳеч ким билан!!!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Saatov Ulugbek
07/10/2024 11:18
Юран тоға роса шошаетган эканда, Чорсудан кўлида бозорлиги билан автобусга қараб югуриб кетаётганда олинибдида интервью