Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган «Насаф» - «Пахтакор» учрашувидан сўнг қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев учрашув ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Чемпионни мағлубиятга учратиб, медалларга эгалик қилиш икки ҳисса ёқимли. Фақат қайси медалга эга чиқишимизни кейин икки тур ҳал қилади. Барчани ғалаба билан табриклайман. Футболчилар катта меҳнат қилишди, бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ўйлайманки, бугун ўйинда тўлиқ устунлик қилдик. Вазиятларни ҳисобга олсак ҳам, бу яққол намоён бўлади. Ушбу учрашувга йигитлар руҳан жуда яхши тайёргарлик кўришганди. Медаллар ютиш ўз қўлимизда эди. Ўтган турдаги мағлубиятдан кейин бугун мухлисларимиз кўз ўнгида муносиб ва чиройли ўйин кўрсатишимиз керак эди. Жамоамиз маҳорат ҳам иштиёқ кўрсатди ва тартибли ўйнади. "Пахтакор” жамоаси чемпион. Улар бунга ҳақли равишда эришди. Лекин бугун ўйинда биз чемпиондан устун ҳаракат қилдик.

- Агар Жиззахда керакли натижа қайд этилганида шундай натижа бўлармиди?

- «Суғдиёна» билан ўйиндан олдин 10та учрашувда мағлуб бўлмаган эдик. Нега шундай савол бермадингиз? (кулади). Битта мағлубиятга учраганимизга дарҳол шу саволни бердингиз. Албатта бу ҳазил. Мағлубиятни жиддий қабул қилдик. Ғалабадан хурсандмиз. Мағлубият бугунги ўйинга мотивация бергандир. Жиззахдаги мағлубиятнинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Оралиқдаги катта танаффусдан сўнг ўйин ўтказдик. Терма жамоа футболчилари ўйин куни етиб келган эди. Жароҳатлар ҳам таъсир қилди. Бу баҳона эмас.

- Рақиб бош мураббийи «Насаф»нинг барча футболчилар ёққанини айтди. Бу хавотирли жавоб эмасми?

- Ўйлантириб қўйдингиз. Раҳбарият билан гаплашиб жамоани ўзагини сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Орада 1-2 йил ўтди ва яна жамоамиз шаклланиб олди. Йигитлар ўсишда давом этмоқда. Ўзига бўлган ишончи ортмоқда. Шу футболчиларни сақлаб қолиб, яна бир нечта тажрибали футболчиларни қўшсак, катта мақсадларни қўя оламиз. Ҳеч бир футболчида пасайиш кўрмадим.

- Молиявий қийинчиликлар бартараф этилдими?

- Қисман бартараф этилмоқда. Бу муаммо ўз ечимини топади.

- «Насаф» яна битта ғалаба қозонса, иккинчи ўринни нақд қилади. Лицензиялаш жараёни қандай кетмоқда?

- Биз бошқатдан керакли ҳужжатларни тақдим қилишимиз керак бўлади. Бу борада жамоамизга топшириқ берилган, зарур ҳужжатларни тақдим этишимиз лозим. Чунки бизда барча шароитлар бор. Қаердадир эътиборсизлик бўлган. Бу нарсани ўзим ҳам кутмаган эдим. Боиси ҳар йили биринчилардан бўлиб лицензиялаш ҳужжатларини топширар эдик. Лекин бу йил эътиборсизлик юз берди. Тасаввур қилинг ёш жамоамиз ОЧЛда ўйнаса бу катта тажриба бўларди.

- Бугун уч нафар ҳимоячи билан жамоангиз ҳаракат қилди. Бу икки ўйиндан бери кузатилмоқда. Қай даражада ўхшамоқда?

- Майдонда учта марказий ҳимоячи борлигига қарамасдан, 4-3-3 схемасида ўйнадик. Бу жойлаштиришга боғлиқ. Жиззахда 3-4-3 схемасида ўйинимиз қовушмади. Бугун эса марказий ҳимоячи ролида тўп тепадиган Ғолиб Ғайбуллаевни қанотга қўйдик. Қанотда ўйнайдиган футболчиларимиз жароҳати сабаб, айрим ўзгаришларга қўл урдик. Жўрабек Маннонов бугун муносиб тўп тепди. Машғулотларимиз кўпроқ комбинацион футболга асосланган. Яхши майдонда ўйнаяпмиз, балки шу сабабли сифатсиз майдонларда ҳаракатларимиз ўхшамаётган бўлса керак.«Машъал» майдонида икки бор ўйнадик, натижа ижобий бўлмади. Файсал Траоренинг бугун туғилган куни экан. Шу сабабли, у билан бирга голни нишонлашди. Охирги пайтларда белидаги жароҳати сабаб ўйинларни ўтказиб юбораётган эди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)