"Пахтакор" ва араб клубларидан таклифлар бор, Ўзбекистонда ҳайрон қолдирган нарса, Жаҳон чемпионатида мамлакати Сербиянинг имконияти ёхуд Александар Станисавлевич билан интервью
Айни пайтда Қатарда Жаҳон чемпионати тобора ўзининг авж палласига чиқиб бормоқда. Мундиалга бўлган қизиқиш ўта юқори даражада бўлиб турибди.
Ўзбекистонда эса мавсум якунига етди ва жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриш режаларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, айрим клубларни етакчи футболчилар тарк этмоқда.
Бу мавсум Суперлигада ОЧЛ йўлланмаси учун охиригача кураш олиб борган Навоийнинг "Қизилқум" жамоаси легионери клуб билан шартномасини бекор қилди. Биз шу фурсатдан фойдаланиб, "олтин изловчилар" собиқ ярим ҳимоячиси Александар Станисавлевични суҳбатга тортдик.
У ўтган мавсумда қайд этилган натижалардан қониққани, "Пахтакор", бошқа Суперлига клублари ва араб жамоаларидан таклиф бўлаётгани ва албатта, мундиалда мамлакати Сербия ҳамда фаворит терма борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Авваломбор, ассалому алайкум! "Қизилқум"да мавсум қандай ўтди. Ўз ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?
- Мавсум яхши ўтди. Ўйлашимча, бешинчи ўрин ёмон натижа эмас. Бу футболчилар учун ҳам, клуб учун ҳам қониқарли мавсум бўлди, дея оламан.
- Сизни "Пахтакор"га ўтаётганингиз ҳақида хабарлар чиқмоқда. Бу ростми?
- Айни вақтда бу ҳақда батафсил гапиришни истамасдим. Келаси мавсум бошланишига етарли фурсат бор. Ҳаммасини вақт ҳал қилади.
- Бошқа клублардан ҳам таклифлар ҳам бўлдими?
- Ҳа, Ўзбекистон клубларидан таклифлар келиб тушмоқда. Шунингдек, араб жамоалари варианти ҳам йўқ эмас. Кўрамиз, ҳозирча якуний қарорга келганим йўқ.
- Келажакдаги режалар қандай? Ўзбекистон Суперлигасидан ҳам яхшироқ чемпионатларда тўп тепиш ниятингиз борми?
- Ҳозирда мен оилам билан биргаман. Янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқдаман. Ўзбекистонда ўзимни бахтли ҳис қиляпман. Шунингдек, ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Сабаби, бу футбол.
- Ўзбекистонда сизни энг кўп ҳайрон қолдирган нарса нима бўлди?
- Одамлар ёқди, албатта. Улар меҳрибон ва хорижлик инсонларга қўлдан келганча ёрдам беради. Буниси албатта, ҳурматга лойиқ!
- Суперлигада қайси жамоанинг ўйинидан завқ олдингиз?
- Мен чиройли футбол кўришни истайман. Тўп назорати, ҳужумкор ўйин намойиш этадиган клубларнинг ўйинини томоша қилиш менга завқ бағишлайди. Суперлигада шундай хислатларга эга икки жамоа сифатида "Пахтакор" ва "Насаф"ни кўрсатишим мумкин. Улар айни пайт Ўзбекистондаги энг кучли жамоалардан саналиши ҳам бежизга эмас.
- Айни пайтда Жаҳон чемпионати ўйинлари давом этмоқда. Мамлакатингиз Сербиянинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, якунда ким Жаҳон чемпиони бўлади?
- Сербия Швейцарияни енгади ва кейинги босқичга йўл олади, деб умид қиламан. Барча юртдошларим терма жамоадан шуни кутишмоқда. Биз Сербиянинг яхшироқ натижа қайд этишига ишонамиз.
Ҳозир Аргентинанинг имкони яхшироқдек кўринмоқда. Бошқа жамоаларда ҳам имконият кам эмас.
- Билишимизча, сиз боулинг ўйнаш билан шуғулланиб турасиз? Бундан ташқари, яна қандай севимли машғулотларингиз бор?
- Ҳа, боулинг ўйнашни ёқтираман. Қолаверса, стол тенниси, бильярд ва баскетбол ҳам ўйнаб тураман.
- Тушунарли. Таклифимизни рад этмасдан, саволларга жавоб берганингиз учун раҳмат! Келгуси фаолиятингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз!!!
- Сизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Ишларингизга омад!
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар