"Пахтакор"да Машариповнинг ўрнини ким тўлдириши мумкин? Легионерлардан кимларни нишонга олса бўлади?
"Шерлар" келаси мавсумда Осиё чемпионлар лигасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишини инобатга олсак, таркибни кучайтириш шарт. Ўтган мавсумда Эрен Дердийокни таркибига қўшиб олган тошкентликлар, бу мавсумда ҳам легионерлар хизматига мурожаат этиши мумкин. Сабаби, клубни бир нечта етакчи тарк этди. Агар "Пахтакор" ОЧЛда муваффақиятли иштирок этишни, ички биринчиликда чемпионликни ҳимоя қилишни истаса, трансфер қилиши лозим. Биз амалга ошиш имкони баланд бўлиши учун айни дамда клубсиз юрган эркин агентларга эътибор қаратдик. Хўш, уларнинг қай бири Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони билан шартнома имзолаши мумкин.
Шинжи Кагава
Япония терма жамоаси собиқ аъзоси ўз вақтида "Боруссия" Дортмунд ва "Манчестер Юнайтед" сингари грандлар шарафини ҳимоя қилган. Афсуски, сўнгги мавсумларда унга омад кулиб боқмаяпти. Ярим ҳимоячининг сўнгги клуби Испаниянинг "Сарагоса" жамоаси бўлди. Кагава майдонни яхши кўра олади. Боз устига, у майдон марказида туриб ўйинни бошқариш ва ҳужум темпини белгилаб бериши мумкин. Ундаги тезкорлик эса, қарши ҳужумларга ўтишда қўл келиши турган гап. "Пахтакор" клуби учун бу трансфер бир нечта имкониятларни яратади. Шинжи чинакам универсал футболчи. У қанот ҳужумида ва ҳатто, таянч зонасида ҳам тўп суриши мумкин. Унинг таркибда бўлиши "Пахтакор" мураббийига ўйиннинг ўзида танланган схемани алмаштириш учун замин яратади. Умуман олганда, 31 ёшли футболчи "Пахтакор"ни яхшигина кучайтиришга қодир.
Марио Манжукич
Қатар чемпионатида бир муддат тўп сурган хорват ҳозирда ўзига клуб излаб юрибди. Бунга қадар Қатарнинг "Ал-Духаил" жамоаси шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи ҳам универсаллардан бири. У керакли паллада ҳужумчи ортида ва қанотлардан ҳужум уюштириши мумкин. Иккинчи қаватда ҳаракат қилиш бобида беназир бўлган Марио билан келишувга эришиш "Пахтакор" учун янги имкониятлар эшигини очади. Тўғри, Эрен Дерийокнинг трансфери деярли ўзини оқлагани йўқ, бироқ Марио швейцариялик форварддан кескин фарқ қилади. У 34 ёшда, лекин бу ОЧЛнинг муҳим баҳсларида ёрдам беришга тўсқинлик қилмайди. Тошкентликларнинг иккинчи қаватдаги узатмаларини голга айлантириш учун "супер Марио" айни муддао бўлиши мумкин. Хорватиялик футболчи МЛСдан келиб тушган таклифларни рад этди. Европадан бўлаётган таклифларга ҳам ижобий жавоб бермаяпти. Балки, Тошкент клуби хорват билан келишувга эришар! Агар бу трансфер амалга ошса, "Пахтакор"нинг халқаро майдондаги имкониятлари кескин кўтарилиши аниқ.
Жефферсон Фарфан
Перу терма жамоаси аъзоси саналган Фарфан ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш. Ўз вақтида "Шальке" ва ПСВ либосида тўп сурган футболчи ҳам тошкентликларнинг таркибини кучайтиришга қодир. Тўғри, ҳозир у 36 ёшда бироқ ундаги тезлик ва маҳорат камида бир мавсум юқори даражада футбол намойиш этиш имконини яратади. Боз устига, унинг учун ўзбек футболига кўчиб ўтиш катта воқеа эмас. Вингернинг сўнгги клуби ҳозирча Россиянинг "Локомотив" жамоаси бўлган. Бундан аввалроқ эса, (2016/17) Фарфан БААнинг "Ал-Жазира" клуби шарафини ҳимоя қилишга улгурди. Умуман олганда, Ўзбекистон чемпиони сафига ўтиш учун Фарфанга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. У чаққон ва қанотларга суянган футбол намойиш этувчи "Пахтакор"нинг имкониятларини ошириши мумкин. Фарфан ҳам бошқа жанубий америкаликлар сингари жисмонан анча бақувват футболчи. У 36 ёшида ҳам 90 дақиқа сифатли футбол намойиш этишга қодир. Энг муҳими эса, у талаб этадиган маош фантастик бўлмаслиги аниқ. Умуман олганда, Жалолиддин Машариповнинг ўрнини ҳеч бўлмаганда бир мавсум Фарфан билан тўлдириш мумкин. Агар "шерлар" Осиё чемпионлар лигасида узоқроққа боришни истаса, Жефферсон ва унга ўхшаш қанот футболчиларидан бирини таркибга олиб келиши лозим.
Сейду Думбия
Думбиянинг трансфери "Пахтакор" учун яхшигина кучайиб олиш имкониятини яратиши турган гап. Ўз фаолияти давомида Италия, Англия, Германия ва Россия клубларида тўп сурган ҳужумчи ҳозир ишсиз қолиб кетган. Рус нашрларининг маълум қилишича, 34 ёшли футболчи ажойиб спорт формасида. У яна камида 3 мавсум юқори даражада футбол ўйнай олади. Думбия деярли 6 ойдан бери эркин агент. Унинг сўнгги клуби Швейцариянинг "Сион" жамоаси бўлган эди.
Кот-д'ивуарлик футболчи ҳам ҳужум чизиғида катта фойда келтириши мумкин. Қанотда, марказда ва ҳужумчи ортида тўп суриш бобида у анча тажрибали. Боз устига, қаҳрамонимиз Европа футболига кириб келишдан аввалроқ, Япония чемпионатида 4 мавсум тўп сурган. Шу боис, Сейду учун Осиёга қайтиш муаммо туғдирмаслиги аниқ. "Transfermarkt" томонидан 800 минг еврога баҳоланган ҳужумчи "Пахтакор"га катта наф келтириши турган гап.
Сардор Рашидов
Ўзбекистон терма жамоасидан чақирув олмай қўйган Рашидов ҳам ўзига клуб излаб юрган футболчилар қаторида. Уни "Transfermarkt" сайти 850 минг еврога баҳоламоқда. Умуман олганда, Рашидов варианти ҳам чакки эмас. Сардор айни дамда, бир нечта араб клублари билан музокаралар олиб бормоқда. Балки, "Пахтакор" жамоаси уни Ўзбекистонда олиб қолар!
Умуман олганда, Машарипов ва Рашидовнинг ўйин услуби бир-бирида кескин фарқ қилади. Шунга қарамай, уларни умумий нарса боғлаб туради. Гап шундаки, қанот футболчилари бирдек чаққон ва тезкор. Айнан шу омил сабабли, Рашидов Машариповни қанотда йўқлигини билдирмаслиги мумкин. Сардор креатив футболчи. Кучли зарбалари ҳам бор. Халқаро аренада тўп суриш бобида ҳам Рашидов Машариповдан ортда эмас. Балки, хорижлик таниқли футболчилардан кўра, Сардор Рашидов билан таркибни кучайтирган маъқулдир?!
P.S
Бу, албатта, бизнинг фантазиямиз, холос. Шундай бўлса-да, бугун номи тилган олинган футболчилар Тошкент клубини кучайтиришга қодир. Улар билан шартнома имзолаш учун фантастик маблағ шарт эмас. Бугун рўйхатимиздан ўрин эгаллаган барча футболчи ҳеч бўлмаганда Эрен Дердийокка тақдим этилган шартнома асосида "Пахтакор"да тўп суриши мумкин. Шундай экан, бу вариантлар устида ҳам, албатта, бош қотириб кўриш лозим. "Шерлар" Осиё чемпионлар лигасида ўзбек футболи шарафини ҳимоя қилувчи клуб. Шу боис, унинг халқаро майдондаги ғалабалари чемпионатимиздаги бошқа клубларга ҳам таъсир кўрсатишини унутмаслик лозим. ОЧЛ квоталаримизнинг кўпайиши учун "Пахтакор" Осиё чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этиши шарт. Агар клуб олдига улкан мақсадларни қўйган бўлса, албатта, сифатли хорижлик легионерлардан бири жамоага жалб этиши лозим. Сабаби, Машарипов, Ҳамдамовларнинг ўрнини маҳаллий футболчилар билан беркитишнинг ҳозирча, деярли имкони йўқ.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар