"Пахтакор"дан кетсангиз фақат хориж клубига йўл олиш керак". Санжар Қувватов клубидаги тақдири, нега четда тўп суриш имконияти камлиги ва янги мураббий ҳақида

“Пахтакор”да бир неча йилдан бери фаолият олиб бораётган дарвозабон Санжар Қувватов бугунги кунга келиб клубнинг муҳим қисмига айланган.

У илгари “Машъал” ҳамда “Насаф” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Сўнг “Пахтакор”га кўчиб ўтган. Ўтган вақт давомида Қувватов тажрибасини анча оширди.

Ўтган мавсумда кўплаб ўйинларда унга ишонч билдирилди. Қуйида ушбу посбон бир қатор масалаларда ўз фикрини билдирди.

Мавсумга тайёргарлик ва ўзгаришлар хусусида

- Биласиз, бизга янги мураббий келди. Таркибда ҳам ўзгаришлар бўлди. Етакчиларимиз – Анзур Исмоилов билан Егор Кримец жамоамиздан кетишди. Улар энг яхши ўйинчиларимиздан эдилар. Лекин ушбу кетганларнинг ўрнига ёмон футболчилар келди, деб айта олмайман. Машғулотларда, Туркиядаги ўйинларда кўрдик, яхши таассурот қолдиришди. Ўйинида унчалик камчилик кўринмади. Мураббийга келадиган бўлсак, рости, менга ёқди, ҳар томонлама. Одамгарчилиги яхши, машғулотлари ҳам қизиқарли. Олдинги бош мураббий Питер Хюистрани ҳам жамоамизда жуда ҳурмат қилишарди. Ҳар бир футболчидан сўрасангиз илиқ фикрлар айтади. Умуман олганда, бу иккала мутахассиснинг машғулотлари ҳар хил. Тайёргарлик олиб бориш усуллари ҳам ажойиб. Машғулотларни бир ёки икки маҳалдан ўтказдик. Туркияда ҳам яхши учрашувларни ташкил қилдик. Фақат “Динамо” Тбилисига қарши омадимиз чопмади. Майли, барча омадсизлигимиз ўша ўйинда қолиб кетсин. Лекин ўша учрашувда имкониятларни яратиш бўйича бизда устунлик бор эди ва ҳаттоки, улардан фойдаланганимизда 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни ғалабага айлантириш имкониятига эга бўлардик. Айтмоқчиманки, яхши савиядаги жамоаларга қарши бизда голли имкониятлар бўлди. Улардан ҳеч қанақасига кам жойимиз бўлмади, аксинча, устун жиҳатларимиз кўзга ташланди. Масалан, “Динамо” Киевга қарши учрашувда тўлиқ устунлик биз томонда бўлди. Рақибни гол ўтказмагани мағлубиятдан қутқариб қолди. Ўйин сифати бўйича футболчиларимиз ҳар томонлама устунлик қилганди. Ўйлайманки, “Пахтакор”да яхши жамоа шаклланди. Янги келган футболчилар ҳам жамоага бирданига қўшилиб кетишди. Ҳамма уларни яхши қабул қилди ва бегонасираш йўқ.

санжар

Арвеладзе билан Войнескини фарқи

- Ҳамма мураббийни футболга ўз қараши ва тактикалари бор. Ҳозирги мураббийимизни ва Шота Арвеладзени иш услублари бошқача. Очиғини айтсам, дарвозабонлар мураббийи ҳақида бўлса, нимадир айтишим мумкин. Лекин қайси бош мураббийларни тактикаси яхшилиги ҳақида бир нима айта олмайман. Албатта, Арвеладзе билан ҳам ишлаганмиз ва унинг машғулотлари қизиқ. Хюистра билан Арвеладзенинг машғулотлари деярли бир хил эди. Чунки улар бирга ишлаган. Янги келган мураббийни ҳам ўзига яраша қизиқарли томонлари бор.

санжар1

Таклифлар борасида 

- Сизга тўғрисини айтсам, менда вариантлар бўлмади. Бошқа клублар ҳам футболчини аввало шартномасига қарайди. Ҳаммага айтаман: “Пахтакор”дан кетсангиз фақат хориж клубига кетиш керак! Яна қайси жамоага кетиш керак? Ўзим учун шу ерда қолганим яхшироқ. Менга энг яхши вариант бу “Пахтакор”.

санжар3

Нима учун хориждан қизиқиш бўлмади?

- Четдан таклиф бўлмаганининг ўзига яраша сабаблари бор. Яхши савиядаги посбон бўлсангизда, Европада биринчи навбатда дарвозабоннинг бўйига қаралади.

санжар4

“Пахтакор” Қувватов учун энг юқори даражами?

- “Насаф” билан эришган ютуқларимизга келсак, чемпионатда 2-ўринни олганмиз, бронзага ҳам эга чиққанмиз. Суперкубокни ютганмиз. “Пахтакор” билан эса Ўзбекистондаги барча ютуқларга эришганман. “Пахтакор” мен учун топ-жамоа. Ундан кейинги ҳолатни, тўғриси билмадим. Клубим билан шартномам бор. Агар менга яна ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилишса, шартномамни чўзиш ниятим бор.

санжар2

Суперкубок олдидан

- “Насаф”га қарши Суперкубокдаги ўйин учун жуда яхши тайёргарлик олиб боряпмиз. Албатта, “Насаф”нинг ҳам қандай тайёрланаётганини билган ҳолда биз ҳам шунга қараб астойдил шуғулланяпмиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
. мансур
25/02/2022 10:20
Сен ҳам, Суюнов ҳам Нестровнинг даражасига чиқа олмадинглар, шунинг учун "Пахтакор"га бошқа дарвозабон зарур