“Пахтакор”дан пешқадамликни тортиб олган “Насаф”, чемпионатимизда Роналду услубидаги гол, “Навбаҳор” ва бошқалар ҳақида

13-15 июнь кунлари Coca Cola Суперлигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди. Беллашувларни кўпчилик интиқлик билан кутди. Ўйинлар ҳам шунга яраша қизиқарли ва кутилмаган натижалар, воқеаларга бой бўлди.

Қуйида биз ана шу жиҳатларга эътибор қаратамиз.

Чемпионат “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” учрашуви орқали рестарт олди. Тўқнашув тақдирини автогол ҳал этди. Бобур Акбаров тўпни қайтараман, деб тасодифан ўз дарвозасига киритиб юборди. Натижада ҳимоячи бу мавсумдаги дастлабки автогол муаллифига айланди.

photo_2020-06-14_12-21-49

“Қизилқум” Навоийда АГМК билан беллашди. Ушбу баҳсда ҳам битта тўп киритилди. Мезбонларнинг собиқ легионери Элгужа Григалашвили чиройли тарзда дарвозани ишғол этди. Тачмурад Агамуродов навоийликлар бошқарувида дебютини ўтказди. Аммо мутахассис илк ўйинда енгилди.

Шу тариқа, АГМК Навоийдаги 11 йиллик нохуш анъана, яъни ғалабасиз сериясига барҳам берди ва ўз тарихида иккинчи маротаба "Қизилқум" майдонида зафар қучди.

“Сўғдиёна” футболчилари карантин пайти бўш ўтирмаган кўринади. Дастлабки 3 турда мағлубиятлар ва дуранг қайд этган жиззахликлар ўз уйларида пешқадам, амалдаги чемпионни таслим этишди. Шоҳруз Норхонов пенальтидан гол ура олмади, бироқ ўйиндаги вазиятдан самарали фойдаланди.

Улуғбек Бақоев шогирдлари мавсумдаги илк ғалабасини тантана қилган бўлса, Шота Арвеладзе футболчилари биринчи мағлубият аламини татиб кўрди.

“Сўғдиёна” чемпионат доирасида охирги марта 1999 йили “Пахтакор”дан устун келганди. Орадан 21 йил ўтиб, жиззахликлар нохуш анъанага барҳам берди.

“Навбаҳор” Қаршида меҳмон бўлди. Турнинг марказий қарама-қаршилигида ғолиб номи аниқланмади. 2 бор ҳисобда олдинда борган “лочинлар” ғалабани ушлаб қола олмади. Ҳар йили етакчиларидан айрилиб, йўқотишларга учрайвериб ўрганиб қолган мезбонлар эса таркиби жиҳатдан кучли рақиб қаршисида таслим бўлмай, ирода намойиш этишди. “Пахтакор”нинг мағлубиятидан сўнг “Насаф” якка пешқадамга айланди.

Андрей Канчельскис жамоаси бу йили ҳам стартда қийналмоқда. Энди наманганликлар “Бухоро” билан ўйинда босим остида қолишлари мумкин.

_DSC2013

“Сурхон”нинг “Машъал”га қарши учрашуви ҳам қизиқарли кечди. Термизликлар 0:2 ҳисобида ортта бораётиб, камбэк амалга оширишди.

Жамоаларнинг ўзаро ўйинларида муборакликлар кўпроқ ғалаба қозонган. Аммо “Сурхон” Термизда ҳеч қачон “Машъал”га ютқазмаган. Бу гал ҳам шундай бўлди.

“Бухоро” – “Андижон” аутсайдерлар тўқнашуви. Андижонликлар бошқарувида Александр Хомяков ўрнини Виктор Кумиков эгаллаганди. Аммо россиялик мутахассиснинг ҳужжат ишлари билан боғлиқ муаммоси туфайли мураббийлар учун ажратилган жойда кўриниш бермади.

Беллашувнинг аҳамияти юқори эди. Сабаби икки жамоага ҳам очко жуда муҳим. Турнир жадвалининг қуйида бораётган рақиблар тўқнашувида дуранг кузатилди. Тўғрироқ қилиб айтганда, “Андижон” охирги дақиқада ғалабани бой берди. Ҳакамнинг ҳуштаги чалинишидан бироз аввал Беҳруз Саъдуллоев жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

“Локомотив” стадионида драмма! Одатда бундай ҳолларда икки томон қатнашади ва ана шуни драмма дейилади. Бу гал ундай бўлмаса-да, ўйиннинг бориши, Роналдунинг “Реал” сафида “Ювентус”га урган голини эслатиб юборадиган қайчи услубидаги гол кўпчиликни ҳайратга солди. Шу ва бошқа ҳолатлар туфайли биз бу учрашувни драммага қиёсладик.

Бир неча кун аввал “темирйўлчилар” сардори тажрибали Игнатий Нестеров дарвозабон доим сергак туриши лозимлиги айтганди. Ана шу гапларга посбоннинг ўзи қанчалик амал қилишини Шаҳзод Убайдуллаев текшириб кўрди. У Роналду каби қайчи услубида дарвозага тўп йўллади. Агар стадионда томошабинлар бўлганида, “Юве” мухлислари каби “Локо” ишқибозлари ҳам Убайдуллаевни туриб олқишлаб қўйишарди.

“Металлург” сафарда 3 та гол урди. Учта голга ҳам Дониёр Нарзуллаев ассистентлик қилди. Шу тариқа, бекободликлар илк бор сафарда “Локомотив”ни доғда қолдиришди.

Бу 4-турнинг эътибор қаратиладиган ва аҳамиятли воқеликлари эди. Энди экран қаршисида навбатдаги баҳларни кутаётганлар яна шундай воқеликларга бой учрашувлардан умидвор бўлишса, ажаб эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ulugbek Mirzashukurov
17/06/2020 22:36
To'g'ri Navbahor boshida qiynalmoqda .Lekin yevropa chempionatlarida ham top klublar boshida qiynalishadi. Navbahorga berilyatgan imkoniyatlardan to'g'ri foydalanilsa OCHL ga chiqadi fikrimcha.
Abbos Axmedov
17/06/2020 23:52
Агар шу уйини билан уйнаб бир амалаб осийо чемпионлар лигасига чиксаям кийналиб шарманда болади Навбахор. Шунга улар жудаям пухта тайорланиши керак топ кулб болишини хохлардим Навбахорни шунча маблаглар шароит имтийозлар. Эсиз тузикро бир хеч юк насаы тайин йоки Бунёдкордайин уйнаса футболни ачинмийсан
Ulugbek Mirzashukurov
22/06/2020 14:07
ha aka gap yo ularda yoqatadigan narsa yoq .Navbahorda shuncha muhlis bor.