Ҳозир ҳаммамизнинг диққат-эътиборимиз Қатар майдонларида ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасига қаратилган. Боиси, у ерда Ўзбекистон номидан қатнашаётган “Пахтакор”га барчамиз ишоняпмиз. Кўраётган бўлсангиз, “шерлар” нимчорак финалда Эроннинг “Истиқлол” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб чорак финалга йўл олди. 28 сентябрь куни чорак финалга қуръа ташланади ва 30-куни ярим финал учун ўйинлар ўтказилади. Клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов sports.uz мухбири билан мулоқот жараёнида кўплаб масалалар бўйича ўз фикрини билдирди.

“Пахтакор” ўйини билан Осиёдаги мавқеини кўтаришга эришяпти”

-  Авваламбор, “Пахтакор”га ким мухлислик қилаётган бўлса, ҳамма-ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Ҳар доим жамоамизга ишқибозлик қилишаётганини ҳис қилиб келганмиз. Чунки халқаро майдонда иштирок этаётган пайтимизда Ўзбекистонда бизни жуда яхши қўллаб-қувватлашади. Айтмоқчиманки, бу ғалаба биргина “Пахтакор”ники эмас, балки ҳаммамизники. Ўзбек футболи учун ҳам жуда муҳим эди. Клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасида анчадан бери гуруҳдан чиқа олмаётганди. Ўз ўйинларимиз билан “Пахтакор” Осиёдаги мавқеини кўтаришга эришяпти. Шунинг учун бу ўзбек футболининг ютуғи. Осиёда Ўзбекистон клубларини энди янада ҳурмат қилишади. Тўғриси, бу биз учун ниҳоятда муҳим эди. “Истиқлол” биз билан ўйингача фақат иккита учрашув ўтказганди. Уларнинг гуруҳида эса, БААнинг “Ал-Ваҳда” жамоаси мусобақага кела олмаганди. Шу боис гуруҳда фақат иккита ўйин ўтказилди холос. Биз бўлса тўртта беллашувда майдонга тушдик. Футболчиларимизга катта раҳмат. Ҳар уч кунда жуда жиддий ўйинларда майдонга тушяпти. Бундай тиғиз график асосида қийин рақибларга қарши учрашувларда йигитлар жисмоний томондан толиқишлари табиий. Кўрдинглар, оғир ўйинларни ўтказяпмиз. Охиригача гуруҳдан чиқамизми-йўқми, буни билмаётгандик. Шу сабабли ҳар бир баҳс муҳим аҳамиятга эга эди. Аммо “Истиқлол” билан беллашувда жисмоний томондан ҳам, ўйин жиҳатидан ҳам бўш келмадик. Қайтанга, рақибга нисбатан бир бош устунлик қилдик. Фақат йигитларда бироз ҳаяжон бўлганига натижамиз кичироқ бўлиб қолди. Қатарга “Пахтакор” билан бирга ким келган бўлса, ҳамма бир-бири билан аҳил бўлиб, катта меҳнат қиляпмиз. Кимда қандай вазифаси бўлса, барчаси ўз ишини бажаряпти. Бошқаларга яхши коллектив эканлигимизни кўрсата оляпмиз. Бундан кейин ҳам ҳар бир жамоа билан бемалол кураша оламиз. Бу ёғи эса Аллоҳдан. Ҳамма рақибни ютса бўлади. Ярим финалга чиқиш учун бор кучимизни ишга соламиз.

“Чорак финалда “Ал-Аҳли” билан ўйнаш қулайроқ”

-  Тўғрисини айтсам, бу ерда саноқли клублар қолган ва кучсиз рақиб йўқ. Гапнинг очиғи, бизга Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” клуби тушса яхши бўларди. Чунки уларни ҳар доим кўрдик, ўйинларини кузатиб келдик. Боя айтдим, кучсиз рақиблар йўқ. Ҳаммаси ҳурматга сазовор. Балки “Ал-Садд” ёки бошқаси нисбатан янада кучлироқ бўлиши мумкин. Уларнинг орасида “Ал-Аҳли” билан ўйнаш қулайроқ бўларди. Осиё Чемпионлар лигасидаги вазифамизни босқичма-босқич бажариб келяпмиз. Одатдагидек, олдимизга максимал вазифа қўйяпмиз. Олдимизда турган асосий мақсад ярим финалга чиқиш. Асосий мақсадимиз финал йўлланмасини қўлга киритиш. Кўрамиз, нима бўларкин, ҳаммасини Аллоҳ билади. Олдиндан бирор нарса дейишим қийин. Яна қайтараман, бу ерда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Аслида Қатарга келган барча клубларнинг савияси деярли бир хил эди. Барчасининг ўйинларини кўргандим. Аммо уларнинг орасида биргина “Ал-Ҳилол” ажралиб турганди. Лекин уларга қарши биринчи учрашувда “Пахтакор” устунлик қилди, деб ўйлайман. Иккинчи ўйинда тенг кураш кечди. Ваҳоланки, “Ал-Ҳилол”да кучли легионерлар бор. Маҳаллий ўйинчилари ҳам Саудиядаги энг кучлилари эди. Биринчи учрашувда “Ал-Ҳилол”га нисбатан устунликка эришганимиз ўзимизга бўлган ишончни анча орттирди. Фақат тасодиф туфайли ютқазиб қўйдик. Умуман айтганда, “Пахтакор” бу турнирда ҳеч кимга бўш келмаяпти.

ирисметов2_2

“Арвеладзенинг ўрни билиняпти”

-  Албатта, Шота Юстиновичнинг жамоадаги ўрни билинади. Ахир у бош мураббий. Арвеладзени нафақат футболчилар, балки раҳбарият, ҳамма-ҳамма ҳурмат қилади. Унда covid чиққан кундан бошлаб изоляцияга олинган. Ҳозир у бошқа меҳмонхонада турибди. Айни пайтда шифокорларнинг назоратида. Бу ёқдан ўзимизнинг шифокоримиз ҳам бош мураббийимизни назорат қилиб боряпти. Бундай вазиятда Арвеладзе биз билан мобил алоқа орқали гаплашиб турибди. Машғулотлар қандай ўтяпти, нималар қилишяпти, қандай услублар бўйича ишлашяпти, ҳаммаси бош мураббий томонидан тушунтириб бориляпти. Питер Хюистра билан Жасур Абдураимов жамоани бошқаришяпти. Ўйлашимча, футболчилар ҳам вазиятни яхши тушунишяпти. Шота бўлмаса ҳам барибир жамоа ўйнаши керак-да. Уни барчамиз кутяпмиз. Балки чорак финалдан эсон-омон ўтиб олсак, ярим финалда биз билан бирга бўлар. Унга фақат соғлик тилаб қоламиз.

“Футболчилар ғалабалар учун мукофот пулларини тўлиқ олишади”

-  Футболчилар гуруҳдан чиқа олмасак, бериладиган мукофот пулларини олмаймиз, дейишган. Аслида ҳам гуруҳдан чиқмасдан туриб ютган ўйинлари учун мукофот пулларини олиш нотўғри бўларди. Футболчилар тўғри баёнот беришди. Мана, биз гуруҳдан чиқдик ва энди ортда қолган ўйинлардаги ғалабалар учун мукофот пулларини ҳам тўлиқ олишади. Умуман, ҳар бир ўйин учун раҳбарият томонидан мукофот пуллари қўйилган. Лекин қанча миқдордан мукофот пули олиши раҳбариятга боғлиқ. Бу жамоанинг ички иши.

“Ташкилотчилар барча клубларни битта меҳмонхонага жойлаштиргани нотўғри”

-  Осиё Чемпионлар лигасини марказлаштирилган ҳолда ўтказилишини тўғри, деб ҳисоблайман. Кўряпсиз, кўплаб давлатлар чегарасини, авиарейсларини ёпган. Ҳаммага ҳам бошқа мамлакатларга бориш муаммо туғдирарди. Шунинг учун мусобақанинг битта давлатда ташкил этилиши яхши. Лекин мусобақа ташкилотчиларининг минус тарафига келадиган бўлсак, жамоаларни битта меҳмонхонага жойлаштирмаслик керак эди. Бу эса вирусни юқишига сабаб бўлиши мумкин. Лекин Худога шукрки, жамоамизда бош мураббийдан бошқа ҳеч кимда covid аниқлангани йўқ. Барибир ҳаммаси Худодан. Чунки “Ал-Ҳилол” алоҳида меҳмонхонада яшаган бўлса ҳам уларда кўплаб сovid ҳолатлари чиқди. Буни турнирнинг минуси, деб айта олмайман. Ахир бутун дунёда шундай касалланиш бўляпти. Барибир ОЧЛ мусобақасини охирига етказиб қўйиш керак эди. Агар касални кутаверсак, бутун футбол тўхтаб қолади. “Пахтакор” учун плюси шу бўлдики, у ердан, бу ерга учишлар йўқ. Ҳамма битта жойда, бир хил шароитда. Фақат бошқа давлатдан бошқасига парвоз қилиш муаммоси ҳал этилган. Шу боис барча клубларда шароит тенг бўлди.

ирисметов3_1

“Машариповни хорижда ўйнагиси келяпти”

-  Машарипов масаласига келсак, клуб номини аниқ айтмайман-ку, Қатардан таклифлар тушяпти. Уларнинг иккита клубидан расмий таклиф тушган. Ўзи Жалолиддинга қизиқишлар кўп. У Осиёда кучли футболчилардан бири ҳисобланади. Фақат расмий мақомдаги таклифлар ҳақида сўраганингиз учун расмийларини айтяпман. Бошқа ўйинчиларимизга яхши чақирувлар бўляпти. Ўзимизнинг мақсадимиз бор. Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасини тугатиб олганимиздан кейин шунга қараб иш тутамиз. Биз ҳам кучли ўйинчини қўйиб юборишни хоҳламаймиз. Машарипов масаласида ҳозирча бир тўхтамга келганимиз йўқ. Лекин футболчимизни ҳам тўғри тушуняпмиз. Уни ҳам хорижда ўйнагиси келяпти. Шунга яраша бу футболчимизга яхши таклифлар бор. Ўйлашимча, ОЧЛ турниридан кейин Жалолиддин билан ўтириб гаплашамиз. Унга қизиқаётган клублар билан музокаралар олиб бориляпти. Жасур Яхшибоев масаласига келсак, Беларусга кетганидан бери унга ҳам таклифлар бўлиб турибди. Аммо ҳали бир тўхтамга келганимиз йўқ. Агентлар биз билан алоқага чиқиб кўплаб ўйинчиларимизни сўрашяпти. Бу мусобақада қанча яхши ўйнасак, шунча талаб кучли бўлади. Бошида айтганимдек, ҳар бир ғалаба бутун ўзбек футболининг ғалабаси. Бу бежиз эмас. Чунки ўйинчиларимизга ҳам эътибор кучайиб бораверади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар