"Пахтакор"га ОЧЛдан кейин нимадир бўлди-да! Суперлигада охирги бор қачон ғалаба қозонгани ёдингиздами ёхуд Бахтиёр Ашурматовни бўлажак баҳсга ўз режаси бор
16 майдан Суперлиганинг 9-турига старт берилганидан яхши хабардорсиз. Бу сафар ҳам бир-биридан қизиқарли беллашувлар бор. Айниқса, водийдаги ўйинлар ҳам доимгидек алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, 17-санада Наманганда водий дербиси – “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи” иштирокидаги беллашув кутяпти. 18 май куни эса Қўқонда яна бир ўта шиддатли ўтиши кутилаётган баҳс бор. Бу – “Қўқон-1912” – “Пахтакор” тўқнашувидир.
Ишонинг, бу оддий ўйин бўлмайди. Нега дейсизми? Чунки мазкур беллашувнинг ҳам ҳарорати жуда юқори. Буни ҳозирданоқ аниқ айта оламиз. Аслида ҳар сафар Қўқонга чемпион клубнинг ташрифи мухлисларда ҳам катта қизиқиш уйғотган ва “Пахтакор”га қарши ўйиннинг шиддати ҳам майдонда юқори даражадалиги доимо акс этган. Агар унутмаган бўлсангиз, ўтган йили 1 октябрь куни чемпионатнинг 21-турида “Пахтакор” клубига қарши Қўқондаги учрашувда голларга бой ўйин гувоҳига айлангандик. Ўша баҳсда Бахтиёр Ашурматов жамоаси чемпион устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. “Қўқон-1912”дан Ойбек Рустамов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Якуба Бамба ҳамда Сардор Азимов “Пахтакор” дарвозасини ишғол қилишган бўлса, меҳмонлардан Шаҳзод Азмиддинов билан Ҳожимат Эркинов гол муаллифига айланишганди. Биздаги маълумотларга қараганда, қўқонликлар ўша ғалаба тасодиф эмаслигини исботлаш мақсадида бу сафарги ўйинда ҳам ғалабани тантана қилмоқчи. Бу борада қўқонликлар устози Ашурматовнинг бўлажак беллашув учун ўз режаси борга ўхшайди. У “Пахтакор”га қарши қандай режа тайёрлаганини ўйинда кўрамиз.
Умуман айтадиган бўлсак, барибир ўзаро беллашувларда катта устунлик “Пахтакор” тарафида. Шу кунга қадар жамоалар 32 марта тўқнаш келишган. Шуларнинг фақат 6 тасидагина қўқонликларнинг қўли баланд келган. “Пахтакор” жамоаси рақибини 19 та ўйинда мағлуб этишга эришган. 7 та баҳсда ғолиб номи аниқланмай қолган. Табиийки, тўплар нисбати ҳам “Пахтакор” фодасига. Улар 84 та тўп киритган, “Қўқон-1912” бўлса, 45 та. Айнан ўтган мавсумда Ашурматов жамоаси илк бор “Пахтакор” дарвозасига бир ўйинда 4 та гол уришга муваффақ бўлган.
Бу сафар жамоалар ўйинга қандай ҳолатда етиб келишяпти, деган савол ҳам бор. Биласиз, қўқонликлар кетма-кет учта мағлубиятдан сўнг, ўтган турда Тошкентда “Локомотив” майдонида 1:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Айни пайтда бу жамоанинг кайфияти чоғ. Шу сабабли Бахтиёр Ашурматов шогирдлари аъло даражада тайёргарлик кўришяпти. Мусобақа жадвалида бу клуб 8 та баҳсда 3 та ғалаба ва 5 та мағлубият қайд этиб, 9 очко билан 9-ўринни банд этяпти. Қизиғи, уларнинг ҳисобида ҳали бирорта ҳам дуранг кузатилмаган. Демак, ё ютяпти, ё ютқазяпти. Сира рақиблари билан муроса кўчасини танлашга рози бўлмаяпти. Бахтиёр Ашурматов “Локомотив” билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сурхон”га мағлубиятга учралганидан кейин истеъфога чиқмоқчилиги хусусида раҳбариятга айтганлигини оммага ошкор қилганини билсангиз керак. Аммо мутасаддилар бош мураббийга ҳамон ишонч билдиришда давом этган ҳолда унинг истеъфосини қабул қилишни исташмаган. Афтидан, мураббий ўша гапидан кейин анча жонланганга ўхшайди. Ҳар ҳолда “Локомотив” майдонида ютиб қайтишди. Энди навбат “Пахтакор” билан ўйинга.
Хўш, “Пахтакор”да вазият қандай? Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсиз иштирокидан кейин “Шерлар” ҳали ўзига кела олмаганга ўхшаяпти. Охирги учта турдан бери Славче Войнески жамоаси фақат дуранг ўйнаяпти. Ўтган турда ўз уйида “Сурхон”ни қабул қилиб, оғзидаги ошни олдириб ўтирибди-я?! 2:0 ҳисобида олдинда бораётган “Шерлар” учрашув охирига қадар ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқишди ва тайёр ғалабадан қуруқ қолишди. Бу натижа улар учун худди мағлубият билан тенг эди. Ундан аввал “Насаф” ҳамда АГМК билан ҳам муроса кўчасини танлаганди. “Пахтакор” Суперлигада охирги марта қачон ғалаба қозонгани эсингиздами? 1 апрель куни 4-тур доирасида “Навбаҳор”ни қабул қилиб охирги дақиқаларда киритилган гол эвазига уч очкони қўлга киритишганди. Шундан бери “Пахтакор” ғалаба қозона олмаяпти. Ҳозирча уларни “Металлург”га қарши битта захира ўйини мавжуд. 7 та учрашувда Войнески жамоаси 3 та ғалаба ва 4 та дуранг қайд этиб, 13 очко билан 5-ўринга тушиб қолди. Аммо ҳали “Пахтакор” мағлубиятга учрагани йўқ. Шунга қарамасдан, охирги пайтларда “Пахтакор”нинг ўйинида муаммолар кўзга ташланяпти. ОЧЛдан сўнг уларга нимадир бўлди-да.
Куни кеча хабар берганимиздек, спорт директори Жаъфар Ирисметов қадрдон клубини тарк этди. У билан бирга Собир Ходиев ҳам кетганлиги айтилмоқда. Ўз навбатида “Пахтакор” Максим Шацкихни ишга таклиф қиляпти. Хуллас, “Пахтакор” клубининг охирги пайтлардаги муваффақиятсиз натижаларидан “Қўқон-1912” фойдаланиб қоладими? Бу борада маҳаллий мухлисларнинг далдаси ҳам мезбонларга қўшимча куч бағишлаши аниқ. Ушбу беллашувни албатта кўринг, афсусланмайсиз!
Фикрлар