"Пахтакор"ни нега "Ал-Наср"га алмаштирди? Арвеладзенинг кетиши унга қанчалик таъсир кўрсатди? - Достон Ҳамдамов янги клубида нимага эришмоқчилигини ҳам айтди

Яқинда Достон Ҳамдамов БААнинг “Ал-Наср” клубига кўчиб ўтди. Натижада у фаолиятида иккинчи бор легионер мақомига эга бўлди.

“Пахтакор”га келишдан аввал у маълум муддат Россиянинг “Анжи” клубида ҳам тўп сурган. Кейин “Пахтакор”га ўтиб, у ерда чемпионлик ҳамда Кубокни ютди. Бу йил эса жамоасини ўзгартиришга жазм этди.

Sports.uz мухбири билан суҳбатда Ҳамдамов аслида ҳаммаси қандай юз бергани ҳақида гапирди.

-  Достон, янги клубга кўчиб ўтганингиз билан табриклаймиз. Айнан нима учун “Ал-Наср”?

-  Менга айрим футбол мутахассислари томонидан қўнғироқ бўлди. Улар билан кўришдик ва барчасини гаплашиб олдик. “Ал-Наср”га келишимга сабаб шундай бўлди.

-  Сиз “Пахтакор”да юқори даражадаги шароитларда тўп сурдингиз. У ердаги имкониятлар хориж клубларида доим ҳам бўлавермайди. Айтинг-чи, “Ал-Наср”да шарт-шароитлар “Пахтакор”никидан фарқ қиладими?

-  Тўғри, “Пахтакор”даги бор нарса “Ал-Наср”да ёки “Ал-Наср”даги бор нарса “Пахтакор”да йўқ. Лекин умумий маънода айтсам, иккала клубдаги шароитлари ўхшаш. Шу сабабли улар ўртасида катта фарқ йўқ деб ўйлайман, яратилган шароитларида.

-  Сизнинг “Пахтакор”дан кетишингиз бўйича турли фаразларни айтиш мумкин. Мисол учун, Шота Арвеладзенинг клубни тарк этгани бевосита сизнинг ҳам қарорингизга жиддий таъсир ўтказдими? Агар у қолганида сиз ҳам кетмаган бўлармидингиз?

-  Билмадим. Аммо бир томондан қараганда, Шота Арвеладзедан кўп нарса ўргандим. Қолаверса, ушбу мураббийга кўникиб қолгандик. Бу саволга нима деб жавоб беришга ҳам ҳайронман. Агар Арвеладзе “Пахтакор”да қолганида мен ҳам 70 фоизга қолган бўлардим ва яна у билан бирга ишлашни истаган бўлардим.

-  Достон, сизга океанортидан ҳам таклифлар бўлгани ҳақида хабарлар чиқди. Одатда, АҚШдан ўзимизнинг футболчиларга қизиқишлар бўлмасди. Бу хабарлар қанчалик рост эди?

-  Бир нарса дейишим қийин, балки миш-миш бўлдими? Лекин мутахассислар томонидан қўнғироқлар бўлди, қизиқяпти, деган. Аммо ўзимга шахсан мана шу клублардан аниқ таклифлар бор, деб ҳеч ким қоғоз билан келмади. Фақат оғзаки равишда қизиқишяпти, деган гап бўлди холос.

-  БААда Отабек Шукуров билан Азиз Ғаниев ҳам тўп суришяпти. “Ал-Наср” таклифини қабул қилишдан аввал улар билан ҳам маслаҳатлашдингизми?

-  Ўзим қарор қабул қилдим, уларга хушхабар бўлиши учун. Шартнома тузиб бўлганимдан кейин Шукуров ва Ғаниевга бу хабарни айтсам хурсанд эканликларини яширишмади. Энди барчамиз бир давлатда тўп сурамиз деб қувондилар.

-  Янги клубингиз билан эришиш мумкин бўлган мақсадларингиз қандай?

-  Араб чемпионати мен учун янги чемпионат, янги муҳит, янги дўстлар ва жамоадошлар. “Ал-Наср” билан БААда чемпион бўлиш, араб кубокларида муваффақиятли қатнашиш ва чемпионлар лигасида ҳам ғолиб чиқиш мақсадимиз бор.

-  Бироқ янги жамоангиздаги илк учрашувда Азиз Ғаниев тўп сураётган клубга ютқазиб қўйдинглар. “Ўзбек дербиси” деб ном олган ўйиндан қандай таассуротлар қолди?

-  Ал-Наср”даги дебют ўйиним яхши бўлди. Афсуски, ютқазиб қўйдик. Мағлуб бўлсак-да, “Шабаб Ал-Аҳли”га яхши қаршилик кўрсата олдик. Аммо натижа қониқарсиз бўлди. Шунга қарамай, дебют ўйинимдан қониқдим десам бўлади. “Ал-Насср” билан мақсадларимиз юқори, Худо хоҳласа бунга эришамиз.

-  “Ал-Наср”да ҳам адашмасам яна 17-рақамдасиз. Бу сиз учун нимани англатади ва клуб билан неча йилга шартнома туздингиз?

-  Жамоам билан шартномам бир ярим йилга мўлжалланган. Ёшлигимдан 17-рақамда ўйнаб келганман. Бу менинг омадли рақамим десам ҳам бўлади.

-  Клубда сизни қандай қарши олишди? Ҳозирча у ерда энг яқин дўстни топа олдингизми?

-  Ҳозирча ҳамма яхши қарши олишди. Фақат тил бўйича бироз муаммо борлиги сабабли ҳали тўлиқ киришиб кетишга улгурмадим. Тез орада мослашиб кетаман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!