"Пахтакор"ни ожиз қолдирган жамоаларни биласизми?

Ўтган йили Ўзбекистон чемпиони, Кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланган “Пахтакор” шу қадар кучайиб кетдики, чемпионатимизда деярли рақобатдан ҳоли жамоага айланиб қолди.

Яширишнинг кераги йўқ, ҳеч бир жамоа “Пахтакор”га бас кела олмай қолди. Шубҳасиз, “Пахтакор” Ўзбекистондаги энг қудратли клуб. Жамоанинг бугунги даражага чиқишида эса катта ҳажмдаги ишлар қилинаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли.

Лекин футбол шундай ўйинки, унда кутилмаган натижалар ҳам учраб туради. Мағлубият билан ғалаба доимо ёнма-ён юришини унутмаслик зарур. Кучли клубнинг онда-сонда ютқазиб қўйиши ҳам худди катта мағлубиятдек туюлиши мумкин. “Пахтакор” ҳам бунга қадар ўзи учун осон бўлмаган йўлни босиб ўтган.

Ҳар доим ҳам бу жамоа енгилавермайди. Масалан, 2014 йили чемпионликни қўлга киритганида “Пахтакор”ни ҳеч ким мағлуб эта олмаган. Ўтган йили эса бор йўғи битта ўйин бой берилди холос.

Хўш, “Пахтакор”дек клубнинг ҳам қачонлардир йирик мағлубияти бўлганми? Ҳа, бўлган, фақат саноқли. Ўзбекистон чемпионатлари тарихида амалдаги чемпион неча маротаба йирик ҳисобларда мағлуб бўлгани сиз ўқувчиларга ҳам қизиқ туюлса керак.

Шуни айтиб ўтишни истардикки, биз асосан Суперлига (олдинги номи – олий лига)даги натижаларига эътибор қаратдик.   

 

1995 йил. 20-тур. МҲСК – “Пахтакор” – 4:0

Ҳа, бир пайтлар МҲСК (Марказий ҳарбир спорт клуби) грандлар орасида тилга олинарди. Шунга яраша, жамоада мухлисларимиз яхши билган ва номдор футболчилар ҳам тўп сурган. Аммо МҲСКнинг футболдаги умри узоқ давом этмади. Шунга қарамасдан, мазкур жамоа фаолияти давомида ишқибозларига унутилмас ўйинлар ва ғалабаларни туҳфа қила олган. Мана шундай баҳслардан бири 1995 йилги мавсумда “Пахтакор”га қарши кечган. Қизиғи, ўшанда “шерлар” чемпионатларимиз тарихидаги дастлабки йирик мағлубиятини қабул қилиб олганди. Ўша мавсумда “Пахтакор”нинг чемпионатдаги ишлари у қадар юришмай, бешта мағлубиятни қайд этиб, якунда 4-ўрин билан кифояланганди. МҲСК эса ўша йили чемпион “Нефтчи”дан сўнг кумуш медалга эга чиққан.

 

2000 йил. 3-тур. “Сурхон” – “Пахтакор” – 3:0

2000 йилги мавсум “Пахтакор” учун мутлақо ҳавас қилиб бўлмас даражада бошланган ва бу ҳол чемпионат охирига қадар давом этган. Оқибатда ўша йили “Пахтакор” 7-ўрин билан чекланган. Ушбу мавсумнинг дастлабки бешта ўйинида ғалаба нималигини билмаган. Уларнинг орасида эса 3-турда Термизда “Сурхон” ҳам номдор рақибини йирик ҳисобда таслим қилгани билан тарихдан жой олган. Лекин ўша муваффақият энди ҳали бери такрорланишига ишониш ҳам қийин.

 

2000 йил. 12-тур. “Пахтакор” – “Дўстлик” – 1:4

“Пахтакор”нинг навбатдаги йирик мағлубияти ҳам яна ўша мавсумга тўғри келди. Тан олиш керакки, ўша йили “Дўстлик” таркиби чиндан ҳам кучли бўлган ва уларга бас келиш қийин эди. “Пахтакор” майдонида ўтказилган баҳсда ҳозир ушбу клубда спорт директори сифатида фаолият кўрсатаётган собиқ тўпурар Жаъфар Ирисметов бошчилигидаги “Дўстлик” тўртта гол урган. Ёдингизда бўлса, ўша йили Ирисметов рақиблар дарвозасига жами 45 та гол уриб, бу борада ўзига хос рекорд ўрнатган ҳолда чемпионат тўпурари бўлган. Ҳозиргача унинг бу кўрсаткичини ҳеч ким такрорлай олгани йўқ. Дарвоқе, ўша мавсумда “Дўстлик” чемпионликни қўлга киритган. Бироқ кейинчалик бу жамоанинг ҳам МҲСК сингари футболдаги ҳаёти узоқ давом этмади. “Пахтакор” 2000 йилги омадсиз мавсумда 12 та мағлубиятни қабул қилиб олган.

 

2001 йил. 22-тур. “Нефтчи” – “Пахтакор” – 4:1

Ўз вақтида чемпионатимизда “Ўзбек классикоси” номи остида кечадиган “Нефтчи” ҳамда “Пахтакор” қарама-қаршилиги нафақат турнинг, балки йилнинг марказий учрашуви дея эътироф этиларди. Ўйинлар ва ундаги шиддат ҳам шунга яраша эди. Лекин, афсуски, энди “Ўзбек классикоси”лари тарихга айланган. Юрий Саркисян бошчилигидаги “Нефтчи” охирги бор айнан 2001 йилги мавсумда чемпионликни қўлга киритганди. “Пахтакор” эса ўшанда кумуш медални ўзиники қилиб олган. Ўзаро баҳсда эса Фарғонада “Нефтчи” рақибини йирик ҳисобда мағлуб этганини фарғоналик ёши улуғ мухлислар ҳали ҳам яхши эслашса керак. Қизиғи, ўша йилнинг биринчи даврасида ҳам “Пахтакор” ўз уйида “Нефтчи”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган.

 

2002 йил. 13-тур. “Насаф” – “Пахтакор” – 4:0

Навбатдаги мавсумда эса “Пахтакор” билан “Нефтчи” жамоалари ўзаро ўрин алмашдилар. Бу сафар чемпионлик пойтахтга кетди, кумуш медал эса Фарғонага. Қизиғи шундаки, “Пахтакор” чемпион бўлган ўша йили мавсум давомида тўрт марта мағлубиятга учраган ва шуларнинг учтасини йирик ҳисобларда ютқазганига нима дейсиз?! Дастлабки мағлубият эса Қаршида қабул қилиб олинган. Ўшанда қўқонлик таниқли мутахассис Баҳром Ҳакимов бошчилигидаги “Насаф” ўз уйида “Пахтакор”ни қандай мағлуб этиш йўлини топганди. Мақоламиз давомида эса яна “Насаф” – “Пахтакор” ўйинига қайтамиз.

 

2002 йил. 27-тур. “Нефтчи” – “Пахтакор” – 4:0

Бир йил олдин Фарғонада 4:1 ҳисобидаги мағлубиятини қабул қилиб олган “Пахтакор” 2002 йилги мавсумда ҳам яна “Нефтчи”нинг майдонида “нокаут”га учраган ҳолда қуруқ қўл билан қайтганди. “Пахтакор”дек рақибни кетма-кет йирик ҳисобларда мағлуб этиш ҳар кимга ҳам насиб қилмасди. Лекин ўша пайтларда Саркисян бошчилигидаги “Нефтчи”дан ҳар нарсани кутса бўларди.

 

2002 йил. 30-тур. “Пахтакор” – “Трактор” – 1:4

Ниҳоят, ўша йилги “Пахтакор”нинг учинчи йирик мағлубияти ўз уйида “Трактор”га қарши ўтказилган ўйинда юз берган. Бугунги кунда ўтмишга айланган “Трактор” ўз вақтида рақибларига бош оғриқ бўлиши билан ҳам ном қозонганди. “Пахтакор” эса чемпион бўлган ўша мавсумининг охирги турларида бироз бўшашганини кўриш мумкин. Аммо бу ҳам уларнинг чемпионлигига хавф солмаган. Эслатиб ўтиш керакки, ўша пайтларда “Трактор”ни ҳозирда миллий терма жамоамизга устозлик қилаётган Вадим Абрамов бошқарарди.

 

2011 йил. 24-тур. “Нефтчи” – “Пахтакор” – 4:1

“Ўзбек классикоси”даги навбатдаги тўқнашув ҳам мухлисларнинг ёдида қолган бўлса ажаб эмас. Яна Фарғонада, яна Саркисян бошчилигидаги “Нефтчи”га қарши учрашувда “Пахтакор” ўз дарвозасидан тўртта гол ўтказиб, яна йирик мағлубиятини қабул қилиб олган. Лекин ўша мавсумда “Нефтчи”га ҳам, “Пахтакор”га ҳам чемпионлик насиб қилмаган. Ўша пайтларда “Бунёдкор” клубининг зафарли юришлари бошланган бўлиб, олтин медал айнан мазкур клубга насиб қилганди.

 

2016 йил. 7-тур. “Бунёдкор” – “Пахтакор” – 3:0

“Шерлар”нинг йирик мағлубияти орадан беш йил ўтиб яна кузатилган. Бу сафар Тошкент дербисида “Бунёдкор”га қарши учрашувда юз берган. 7-тур доирасида ўтказилган беллашувда “Қалдирғочлар” жавобсиз учта гол уришган ва бу борада “Пахтакор” томонидан бирорта ҳам жавоб йўлланмаган.

 

2017 йил. 4-тур. “Машъал” – “Пахтакор” - 3:0

2017 йилги чемпионат “Пахтакор” учун қониқарсиз натижалар билан бошланганди. Оқибатда дастлабки турлар “Шерлар”нинг кутилмаган мағлубиятларига сабаб бўлган. Масалан, 4-турда Муборакда “Машъал”га қарши кечган ўйинда “Пахтакор”нинг 3:0 ҳисобида таслим этилганига ишониш қийин бўлган. Аммо бу факт. Чиндан ҳам ўша мавсумда “Машъал” ўз тарихидаги энг ёрқин ва унутилмас ўйинларидан бирини ўтказганди. Аммо ўша мавсумда муборакликлар кучлилар орасидан тушириб юборилган.

 

2017 йил. 6-тур. “Шўртан” – “Пахтакор” – 3:0

Иккита тур ўтгач, “Пахтакор” яна йирик мағлубиятга учради. Бу сафар Ғузорда “Шўртан”нинг олдида ожиз қолган ҳолда яна жавобсиз учта гол ўтказиб юборган. Эътиборлиси, “Пахтакор” дастлабки турларда чемпионатимизда совринли ўринлар учун курашдан бироз четда бўлган рақибларига йирик ҳисобларда ютқазгани ўзига яраша сенсация сифатида баҳоланган. Бунинг натижасида ўша мавсум бошларида “Пахтакор”да мураббийлар алмашинувлари ҳам юз берган. Жасур Абдураимов, Равшан Ҳайдаров каби мутахассислар клубдаги вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилишган. Айнан ўша мавсумнинг ярмидан бошлаб “Пахтакор”нинг ҳаётида янги давр бошланган. Яъни, ҳозирги грузиялик мутахассис Шота Арвеладзе 2017 йилги мавсумнинг иккинчи ярмидан “Пахтакор”ни бошқаришга киришганди.

 

2017 йил. 29-тур. “Насаф” – “Пахтакор” – 4:0

Албатта, Арвеладзе учун дастлабки мавсум осон кечмади. Янги мураббий ўз услубини сингдириши учун ҳам вақт керак эди. Лекин ҳалигача кўпчилик унинг бошчилигидаги “Пахтакор”нинг Қаршида “Насаф”дан қай тариқа мағлуб бўлганини яхши эслашса керак. Юқорида “Насаф” – “Пахтакор” ўртасидаги ўйинга тўхталиб, яна бу жамоаларга қайтишимиз ҳақида айтгандик. Кўриб турганингиздек, қаршиликлар яна бир бор “Пахтакор”ни 4:0 ҳисобида тор-мор келтирганди. Ёдингизда бўлса, шундан кейин Арвеладзе бирин-кетин “Насаф” футболчилари – Элдор Суюнов, Акмал Шораҳмедов, Фарруҳ Сайфиев, Шерзод Аъзамов, Баҳром Абдураҳимов, Драган Черан каби етакчиларини ўз сафига қўшиб олганди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
vatan@
15/05/2020 11:55
Bu tarkib bilan hatto Samvel Babayan ham Uzbekistanda chempion
bula oladi butun termani yiğgan
dan keyin chimpion bumbulmaslikni iloji ham yuqda Chimpionnat mutasaddilari boshqa klublarni ham kuchaytirishni ilojini topishi kerak bulmasa bizda futbol
ósmaydi raqobatni kuchaytirish kerak.
Sayfiyev Eldor
18/05/2020 01:57
Paxtaga Raqobatchilar bor navbahor surxon nasaf
Sayfiyev Eldor
15/05/2020 04:08
Nasaf 4-0 yutgandan keyin nasafni qay kuyga solishganini esdan chiqarib buladimi
BEGZOD OKTAMOV
15/05/2020 11:36
Нима болганди
Sayfiyev Eldor
18/05/2020 01:45
Kerakli o'yinlarda o'yini chiqmagandi rosa asab buzilgandi shunga boshqa narsamas
Sayfiyev Eldor
18/05/2020 01:49
Nasafni parokanda qib tashashdi bolla yutganiga pishaymon yegandi ushanda
Davron Jenjayev
15/05/2020 04:04
shotada taktika bormi uzi bu tarkibni aytganimde manxam chempion qilanolaman