
Туркияни “ёндираётган” Шомуродовни Италияда қўмсаб қолишди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябридан бошлаб, тўрт йилдан кўпроқ вақтини “топ-5” лигалар сирасига кирувчи А Серияда ўтказган эди.
Янги мавсум олдидан 30 ёшли ҳужумчи уркия Суперлигасига кўчиб ўтишга розилик берганди. Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятини ёритиб келган нуфузли манбалар ўзбек футболчисини ҳали ҳам унутгани йўқ. Улар легионеримизнинг “Истанбул Башакшеҳир”даги ўйинларини ҳам кузатиб келаётгани маълум бўлди.
Хусусан, “Рома” фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти римлик футбол ишқибозларига Элдор Шомуродовнинг Туркиядаги муваффақиятлари ҳақида маълумот берди.
- Элдор Шомуродов Италиядан ташқаридаги янги саргузаштларини муваффақиятли бошлади. Аввалига “Женоа”, кейинчалик “Рома”, орада “Специя” ҳамда “Кальяри”да тўп тепган ўзбекистонлик ҳужумчи Туркия Суперлигасида “Истанбул “Башакшеҳир” жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
“Рома”нинг собиқ ўйинчиси УЕФА Конференциялар лигаси саралаш турнири ва Туркия чемпионатида жами 11 та учрашувда иштирок этди. Суперлигада “Бешиктош” дарвозасини ишғол қилиб, Туркиядаги голлари ҳисобини очди ва яна икки марта жамоадошларига голли пас узатди.
Чемпионат доирасида “Анталья”га қарши баҳсда ҳам ўзбек ҳужумчиси Туркия чемпионатидаги иккинчи голини урди. Аслида дуранг билан якунланган бу баҳсда, Шомуродов рақиб ҳисобни тенглаштирганидан кейин ҳам дарвозани ишғол қилганди. Вазиятга аралашган ВАР оффсайд туфайли ўзбек футболчисининг иккинчи голини бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек легионери турк клубига муайян шартлар асосида кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш мажбурияти билан “Рома” томонидан бир мавсумга ижарага берилган. Римликлар ижара суммаси сифатида 3 миллион еврони олиб бўлди. Энди мавсум охирида шунга яқин маблағ тўланса, Шомуродовнинг тўлиқ трансфери таъминланади.
“Рома”даги охирги мавсумида 37 та учрашувда еттита гол ва бешта ассист муаллифи бўлган Шомуродов трансферининг умумий суммаси 5,7 миллион евро бўлиши келишилган. Демак, турклар келаси ёз яна 2,7 миллион евро тўлаши талаб этилади.
Музокаралар давомида Элдор Шомуродовнинг “Истанбул Башакшеҳир”га кўчиб ўтиши 7-8 миллион еврони ташкил этиши кутилган эди. Бироқ кейинчалик Италия суперклуби талабини пасайтиришга кўнди.
Шунга қарамай, “Истанбул Башакшеҳир” агар кейинчалик ўзбек ҳужумчисини трансфер қиладиган бўлса, ўша савдонинг 10 фоизини Рим клуби ғазнасига ўтказиб бериши лозим, - деб ёзди romaforever.it сайти эксперти Лука Мугнайоли.
Таъкидлаш жоизки, агар ҳар икки клубнинг режаси амалга ошиб, Шомуродовнинг трансфери тўлиқ амалга оширилса, тажрибали ҳужумчимиз “Истанбул Башакшеҳир” тарихидаги иккинчи қимматбаҳо ўйинчига айланади.
Истанбулликлар ёзда Элдор Шомуродов ижарасини ҳал қилганидан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир етакчиси – Аббосбек Файзуллаев жамоага қўшиб олди. Турклар 21 ёшли ҳужумкор футболчи учун ЦСКАга 7,5 миллион евро тўлади. Бу клуб тарихидаги энг катта ва энг қиммат трансфер сифатида қайд этилди.
Фикрлар